Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Тайванда 13 январда бўлиб ўтган президентлик сайлови юзасидан расмий баёнот тарқатди.
Баёнотда Ўзбекистон Тайванда бўлиб ўтган сайловлар билан боғлиқ вазиятни диққат билан кузатиб бораётгани таъкидланган.
Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида қайд этилишича, Ўзбекистон “Ягона Хитой” тамойилини қатъий қўллаб-қувватлайди.
“... Хитой Халқ Республикаси ҳукумати Хитойнинг ягона қонуний ҳукумати, Тайван эса Хитой ҳудудининг ажралмас қисми эканлигини яна бир бор маълум қиламиз”, дейилади баёнотда.
ТИВ Ўзбекистон икки соҳил ўртасидаги муносабатлар тинч йўл билан ривожланишининг қатъий тарафдори эканини ҳамда Хитойни бирлаштириш йўлидаги барча саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини қўшимча қилган.
13 январда Тайванда ўтган сайловда ҳукмрон Демократик тараққиёт партияси номзоди, амалдаги вице-президент Лай Циндэ сайловчиларнинг 40 фоиз овозини олган ва ғолиб деб эълон қилинган эди. Циндэ Тайваннинг Хитойдан мустақил бўлиши ва АҚШ билан муносабатларни ривожлантириш тарафдори.
Тайвандаги президентлик сайлови арафасида Хитой ҳукумати Лай Циндэнинг ғалабаси “конфронтация ва конфликтга” сабаб бўлиши мумкинлиги тўғрисида баёнот берган. Хитой раҳбари Си Цзиньпин халққа қилган телемурожаатида Тайваннинг Хитой билан бирлашуви “тарихий зарурат” эканини таъкидлаган.
Сўнгги йилларда Хитой ва Тайван ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашди.