ТИВ: Чегара бузган афғонистонликлар ватанига депортация қилинади

Ўзбек-афғон чегараси (архив сурати)

Афғонистон ва Ўзбекистон махсус хизматлари вакиллари 23 август куни афғонистонлик фуқароларнинг ўтган якшанбада давлат чегарасини бузиб ўтганига оид масалани муҳокама қилишган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Учрашув чоғида Сурхондарё вилоятига қарашли Пайғамбар ороли ҳудудида ҳар икки томондан ҳам тарангликни юзага келтирган айрим қоидабузарликларга йўл қўйилгани қайд этилган.

ТИВ хабарномасидан ҳодиса чоғида икки нафар афғонистонлик ҳалок бўлган англашилади – Ўзбекистон томони қурбонларнинг оилаларига таъзия изҳор қилган. Бундан ташқари, тўқнашув чоғида олти нафар киши яраланган бўлиб, уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Вазирлик айни пайтда орол ҳудудида қўлга олинганларни ватанига қайтаришга ҳозирлаш жараёни якунланаётганини қўшимча қилган.

Жорий йилнинг 21 август куни “Пайғамбар” оролида давлат чегарасидан қонунга хилоф равишда ўтган 24 нафар афғонистонлик қўлга олингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди. ДХХ Чегара қўшинлари чегара бузувчилар Ўзбекистон ҳудудига қизилмия илдизини териш мақсадида ўтишганини билдирган.