ТИВ Мексикада тутқунликда қолган ўзбекистонликлар ҳаёти учун ҳеч қанақа таҳдид йўқлигини билдирди

Мексика-АҚШ чегараси (иллюстратив сурат)

Мексикада гаровга олингани айтилаётган етти нафар ўзбекистонликнинг ҳаёти учун айни пайтда ҳеч қандай хавф йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили телеграм-канали орқали маълумот тарқатилди.

Хабарномада Мексиканинг Гомес-Паласио шаҳрида ўзбекистонликлардан етти нафари гаровдан озод қилинганига оид хабарлар ортидан Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси зудлик билан Мексиканинг АҚШдаги элчихонаси, Миграция миллий институти ва бошқа муассасалари билан музокаралар олиб боргани, натижада ўзбекистонликлар айни пайтда Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилгани, уларнинг ҳаётига ҳеч қандай таҳдид йўқлиги айтилган.

ТИВ қайдича, Мексикада гаровдан қутқарилган барча ўзбекистонликнинг шахси аниқланган, уларга мексикалик ҳамкорлар билан биргаликда консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича ишлар олиб бориляпти.

Мексика полицияси ўзбекистонлик беш нафар эркак, бир аёл ва вояга етмаган бир болани гаровдан озод қилгани ҳақида аввалроқ Озодлик ҳам El Siglo de Torreon нашри маълумотига таянган ҳолда хабар қилган эди.

Автобусда Қуйи Калифорния штатига кетаётган бу шахсларнинг Гомес-Паласио шаҳридаги фермалардан бирида дам олиш учун тўхтаган пайтда гаровга олингани ва 1200 доллар тўлаш талаб қилингани, ёнларида бунча пул бўлмаган ўзбекистонликлар маблағ топгунларига қадар фермада ушлаб турилгани, бу орада бундан хабар топган полиция воқеа жойига келиб, ўзбекистонликларни озод қилгани айтилган.

Маълумотларга кўра, ўзбекистонликлар у ердан АҚШга ўтиб кетишни режалаштиришган.