ТИВ ўзбекистонлик талабалар учун Россия томонидан чеклов бекор қилинмаганини билдирди

Тошкентдаги Ташқи ишлар вазирлиги биноси

Россия томони Ўзбекистон фуқароларининг мамлакатга кириб келишлари, жумладан, ўқиш мақсадида келишлари учун ўрнатилган чекловларни бекор қилгани йўқ. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ахборотига таянган ҳолда 16 февраль куни маълум қилди.

Вазирлик қайдича, Россия ҳукуматининг ўтган йил 16 мартидаги қарорида (2021 йил 3 февралидаги ўзгаришлар билан) кўрсатилган шахслар тоифалари бундан мустасно. Айни пайтда Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси Россия олий ўқув юртларида таълим оладиган ўзбекистонликлар ушбу мамлакатга киришга ҳуқуқи бўлган фуқаролар тоифасига кирмаслигини яна бир бор эслатиб ўтган.

Россиядаги олий ўқув юртларининг кундузги бўлимларида 2021 йил 8 февралидан ўқиш жараёни бошлангани, Россияга киролмаётган ўзбекистонлик талабалар дарслардан ортда қолаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Ўшанда Россия Фан ва таълим вазирлиги матбуот хизмати вакиласи хорижлик талабаларнинг мамлакатга киришига ҳозирча рухсат йўқлиги тасдиқлаб, Ўзбекистонда қолаётган талабалар масофавий таълимни давом эттираверишини билдирган.

Сўнгги йилларда Россия олийгоҳларида ўқийдиган талабалар сони бўйича Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида пешқадамга айланиб, бу кўрсаткич йил сайин ошиб боряпти.

Россия Фан ва олий таълим вазири ўринбосари Марина Боровская 2019 йили мамлакатда 26,5 минг ўзбекистонлик кундузги бўлимларда таҳсил олганини билдирган эди.