ТИВ: Ўзбекистонликларнинг БААга киришига оид муаммо муҳокама этилди

БААнинг Ўзбекистондаги элчиси Саид Матар ал-Қамзий Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Бахромжон Аълоев қабулида, Тошкент, 2024 йил 2 декабри (ТИВ фотосурати)

Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари дипломатлари ўзбекистонлик фуқароларнинг БАА ҳудудига кириши билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилишган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

ТИВ хабарномасига мувофиқ, 2 декабрь куни ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Бахромжон Аълоев БААнинг Ўзбекистондаги элчиси Саид Матар ал-Қамзийни қабул қилган.

Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш масалаларидан ташқари “сўнгги кунларда Ўзбекистон фуқароларининг Бирлашган Араб Амирликлари ҳудудига киришларида кузатилаётган қийинчиликлар билан боғлиқ вазият бўйича” фикр алмашилган.

“Мавжуд ҳолатни имкон қадар қисқа муддатларда ҳал қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўришга келишиб олинди”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Аввалроқ Озодлик 30 ноябрь куни Тошкентдан Абу Дабига учиб борган 31 нафар ўзбекистонлик эркак БАА ҳудудига киритилмагани, улар аэропортдан ҳам чиқарилмай, бир суткадан кейин ортга қайтариб юборилгани ҳақида хабар қилган эди.

Мазкур ҳодисадан сўнг ижтимоий тармоқларда муайян ёшдаги ўзбекистонлик эркакларнинг БАА ҳудудига кириши тақиқланганига оид тахминлар илгари сурилган.

Абу Даби аэропортида ўзбекистонликларнинг ушлаб қолиниши ва сўроққа тутилиши БАА ҳудудида яҳудий руҳонийси Цви Коган ўлдирилиши ортидан рўй берган.

Ўтган ҳафта Бирлашган Араб Амирликлари Ички ишлар вазирлиги исроиллик раввин ўлимида гумонланган уч ўзбекистонлик қўлга олинганини маълум қилганди.

БАА ИИВ баёнотига кўра, қотилликда гумонланаётганларнинг исми Олимбой Тоҳирович, Азизбек Комилович ва Маҳмуджон Абдураҳим бўлиб, улардан икки нафари 28 ёшда, яна бири эса 33 ёшдадир.