Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси фаолиятини одатий режимда давом эттирмоқда ва ёпилмаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Kun.uz сўровига жавобан маълум қилган.
“Бироқ мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, республика фуқаролари доимий огоҳликка чақириб келинмоқда”, деган ТИВ вакили.
Аввалроқ Киевдаги АҚШ, Испания, Италия ва Греция элчихоналари 20 ноябрда Россия томонидан амалга ошириладиган оммавий ҳужум эҳтимоли сабаб фаолиятини тўхтатгани эълон қилинган эди.
Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбайжон ҳам Украинадаги ўз фуқароларини имкон қадар мамлакатни тарк этишга чақирган.
Россия Украина ҳудудига бостириб кирган 2022 йил 24 февралдан буён деярли ҳар куни тинч аҳоли вакиллари устига ракета ва дрон ёғдирмоқда. Сўнгги кунларда эса Киевга қарши ҳужумлар ортиши ҳақида хабарлар тарқалган.