Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги қирғизистонликларни “заруратсиз” Россияга боришдан тийилишга чақирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълумот тарқатди.
ТИВ қирғизистонликларга бу тавсияни Россия Федерацияси чегарасидаги ўтиш масканларида хорижликларга нисбатан кучайтирилган назорат тартиби ҳали ҳам давом этаётгани важидан берган. Вазирлик бу чоралар бекор қилингунича Қирғизистон фуқароларидан Россияга сафар қилишдан тийилиш сўралишини қўшимча қилган.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги жорий йилнинг май ойида ҳам шу мазмундаги чақириқ билан чиққан эди. Ўшанда бунга Россия давлат чегарасида қўшимча чора-тадбирлар жорий этилгани сабаб ўлароқ келтирилганди.
Марказий Осиё мамлакатларидан келаётган фуқароларга нисбатан текширувлар кўпайиши ва РФ давлат чегарасида назоратнинг кучайтирилиши шу йил 22 мартида Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” савдо марказида содир бўлган теракт ортидан кузатила бошлаган.
Май ойида Россия хавфсизлик хизматлари раҳбари терактга оид иш бўйича 20 дан зиёд одам қўлга олинганини билдирган. Аввалроқ қўлга олинганларнинг кўпчилиги Тожикистон фуқаролари экани маълум қилинган.