Ўзбекистон расмийлари июль ойи бошида Қорақалпоғистон ҳудудида “Интернет алоқасини вақтинча чеклаш чораларини кўришга мажбур” бўлганларини эътироф этишди.
Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 6 июль оқшомида тарқатилган баёнотда айтилишича, бу қадамга расмий Тошкентни “душман кайфиятдаги кучлар популистик шиорларни ниқоб қилиб олган ҳолда, уяли алоқа ва Интернет орқали сохта янгиликларни тарқатиб, фуқароларни аксилконституциявий фаолиятга оммавий равишда жалб қилишга уринган”и туртган.
ТИВ баёнотида Нукус шаҳрида 1-2 июль кунлари рўй берган норозилик чиқишлари “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тизими, ҳудудий яхлитлиги ва бирлигига путур етказишга уриниш” ўлароқ таърифланган.
“Конституциявий ислоҳотлар бўйича умумхалқ муҳокамасига киритилган таклифларга қарши норозилик баҳонасида бир гуруҳ тажовузкор шахслар томонидан давлат ҳокимияти органлари биноларини зўравонлик, отишма ва куч ишлатиш орқали эгаллаб олишга ҳаракатлар ташкил этилди. Ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатлар тинч, ягона, демократик мамлакатда айирмачилик, беқарорлик ва бўлинишни қўзғатишга қаратилган олдиндан режалаштирилган саботаждан яққол далолат берди”, дея урғуланган баёнотда.
ТИВ иддаосича, ўша кунлари Жўқорғи Кенгес (парламент), Нукус шаҳар ИИББ ва Миллий гвардия бошқармаси биноларига ҳужум қилишга уринишлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини гаровга олиш ва уларнинг ўқотар қуролларини тортиб олиш, давлат, жамоат ва шахсий мол-мулкка ўт қўйиш, бузиш ва йўқ қилиш, шаҳар инфратузилмасига жиддий зарар етказишга уринишлар кузатилган.
“Бундан ташқари, ҳужумлар пайтида 107 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари жиддий тан жароҳати олган, жумладан уларнинг 23 нафари оғир аҳволда қолмоқда. Давлат органларининг жами 270 нафар ходими турли даражадаги тан жароҳатлар олдилар”, дейилган баёнотда.
Ўзбек дипломатлари фикрича, “тартибсизликлар иштирокчиларининг ваҳшийлиги одамларнинг онгини манипуляция қилган бир гуруҳ шахсларнинг провокацион ҳаракатлари натижаси бўлиб, фуқароларнинг тинч намойишлари сифатида таснифланиши жоиз эмас”.
Нукус воқеалари чоғида 18 киши вафот этгани эслатилган баёнотда “тажовузлар фаол иштирокчиларининг кўпчилиги гиёҳванд моддалар ва спиртли ичимликлар истеъмол қилган шахслардан иборат” бўлгани такрорланган.
Баёнотда “инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг иштирокчиси сифатида Ўзбекистон шаффоф, мустақил ва холис тергов тамойилларига тўлиқ риоя этиш, шунингдек, тегишли тартиб-қоидалар ҳамда адолатли суд кафолатини таъминлаш тарафдори” экани, тергов натижалари тегишли халқаро ташкилотларга етказилиши таъкидланган.
ТИВ қайдича, бугунги кунда Қорақалпоғистонда мобил алоқа тўлиқ фаолият юритмоқда, озиқ-овқат дўконлари, бозорлар, нонвойхоналар, банклар, шифохоналар ва бошқа ижтимоий объектлар фаолият кўрсатмоқда.
Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида барча оммавий ахборот воситалари ва инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилотларни “Қорақалпоғистондаги воқеаларга холисона ёндашиш, турли ишончсиз манбаларга таяниб, бир томонлама ва шошилинч хулоса қилмаслик, асоссиз баёнотлар эълон қилмаслик”ни сўраган ҳамда Ўзбекистон Республикаси халқаро ҳамжамият билан очиқ мулоқот, шу жумладан инсоннинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалаларида ҳамкорлик тарафдори бўлиб қолаётганига ишонтиришга уринган.
Аввалроқ қатор халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳамда демократик тамойиллар устувор кўриладиган давлатлар ўзбекистонлик расмийларни Қорақалпоғистондаги воқеаларни текширишда ўз халқаро мажбуриятларига риоя қилиш, бу борада холис, ишончга сазовор ва шаффоф тергов ўтказишга чақиришган эди.