Қирғизистон ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев “Немис тўлқини”га берган интервьюсида Бишкек Украина уруши ортидан мамлакатдан бошпана излаб келган россиялик сиёсий эмигрантлардан бирортасини Москвага депортация қилмаганини билдирди.
Унга кўра, Россияда турли жиноятларда айбланиб қидирувга берилганлар қўлга олинган ва ватанига қайтарилган. Бироқ Урушга қарши чиққан россиялик фаоллар таъқиб қилинмаган.
Июнда россиялик икки фаол Алёна Крилова ва Лев Скорякин Москва сўрови билан Бишкекда ушланган эди. Шундан сўнг улар Қирғизистон Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлигига сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилган.
Ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев мамлакакатга сармоя киритган қатор россияликларга Қирғизистон фуқаролиги берилганини айтди. Сўнгги пайтда Қирғизистон фуқаролигини олувчи россияликлар сони кўпайган. Бироқ вазир уларнинг сони қанча экани тўғрисида маълумот бермади.
2022 йилда президент Садир Жапаров ўнлаб россияликларга Қирғизистон фуқаролигини бериш тўғрисидаги фармонларни имзолаган эди. Аммо кейинги пайтда қирғиз фуқаролигини олганлар рўйхати очиқланмаяпти. Президент маъмурияти фуқаролик олганларнинг исмлари нега сир сақланаётгани борасида тушунтириш бермади.