ТИВ шилқимликдан шикоят қилган польшалик журналистни аккредитациядан ўтказди

Агнешка Пикулицка-Вилчевска

Жорий йилнинг 3 февраль куни Агнешка Пикулицка-Вилчевска Al Jazeera телеканалининг Ўзбекистондаги мухбири сифатида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан аккредитация қилинган. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълумот тарқатди.

The Guardian, Al Jazeera, The Diplomat ва Eurasianet нашрлари билан ҳамкорлик қилиб келган мустақил журналист Агнешка Пикулицка-Вильчевска 1 февраль куни Твиттердаги ўз саҳифасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитацияга ариза топширганидан олти ой ўтиб рад жавоби олганини маълум қилган. Польшалик журналистга кўра, вазирликнинг Рустам исмли ходими унга жинсий тегажоғлик қилган ва ижобий мақолалар ёзишини сўраб босим ўтказган.

Агнешканинг бу баёноти ортидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз ходимининг хатти-ҳаракатлари учун журналистдан кечирим сўраган. Вазирликнинг Агнешка Пикулицка-Вильчевскадан узр сўраганини Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳам маъқуллаган.