Ўзбекистон хавфсизлигига Афғонистон ҳудудидан ҳеч қандай таҳдид бўлмайди. Бу ҳақда, ТИВ матбуот хизматига кўра, Толибон вакиллари 7 октябрь куни вазир Абдулазиз Комилов бошчилигидаги ўзбек делегациясининг Афғонистонга қилган амалий ташрифи чоғида маълум қилишган.
Ўзбекистон расмийларининг Кобулга сафари тафсилотлари ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги пайшанба оқшомида маълумот тарқатди. Бунгача Озодлик дохил қатор нашрлар вазир А. Комиловнинг Афғонистонга ташрифи ҳақида ёзиб чиқишган, бироқ расмий Тошкент бу борада сукут сақлаётганди.
ТИВ қайдича, 7 октябрь куни ўзбек делегацияси Кобулда Толибон тузган ҳукумат раҳбарининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Мулла Абдул Кабир бошчилигидаги масъуллар билан музокаралар ўтказган. Учрашувда толиблар шакллантирган ҳукумат раҳбарининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари А. Ҳанафий, транспорт ва фуқаро авиацияси, умумий ишлар, энергетика ва сув ресурслари вазирлари ҳам иштирок этишган. Айни пайтда Толибон бош дипломати Мавлавий Амирхон Муттақий билан алоҳида музокара ўтказилган.
Кобулдаги музокаралар чоғида Афғонистондаги мавжуд вазият, мамлакат халқига гуманитар ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатлар, шунингдек, мамлакатда энергетика ва транспорт соҳаларида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари тилга олинган.
Толибон вакиллари президент Шавкат Мирзиёевга “озиқ-овқат инқирозининг олдини олишда кўрсатган ёрдами учун самимий миннатдорлик” билдирганлар. Шунингдек, улар ўзбек расмийларига “Мозори-Шариф” халқаро аэропорти фаолиятини тиклаш, Ўзбекистон – Афғонистон чегарасининг узлюксиз ишлаши, у орқали мамлакатга доимий равишда озиқ-овқат ва бошқа турдаги бирламчи товарлар етказиб беришдаги кўрсатилаётган ёрдам учун ташаккур изҳор этишган.
“Томонлар яқин орада Термиз шаҳрида савдо-иқтисодий масалаларини, жумладан, “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш тармоқлари ва “Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” йўналиши бўйлаб темир йўл қуриш лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш учун қўшма музокаралар ўтказиш тўғрисида келишиб олдилар”, дейилган ТИВ хабарномасида толиблар ушбу лойиҳаларни амалга оширишга жалб қилинган ўзбекистонлик мутахассисларнинг хавфсизлигини таъминлашга тайёрлигини маълум қилгани урғуланган.
Кобулдаги музокаралар чоғида вазир А. Комилов Афғонистонда яшаётган этник ўзбеклар масаласига ҳам тўхталиб ўтган.
“Афғонистон заминида узоқ вақтдан буён истиқомат қилиб келаётган ўзбек ватандошларимизнинг тили ва маданияти Афғонистоннинг янги ҳукумати даврида ҳам ривожланишда давом этади”, деган жумладан Ўзбекистон бош дипломати.
Ташқи ишлар вазирининг бу ифодаси ва Кобулга амалий ташрифидан расмий Тошкент Толибон тузган ҳукумат ва унинг режимини “легал” ўлароқ тан олгани англашилади. Эслатиб ўтамиз, август ойи ўртасида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган толиблар тузган ҳукуматни дунёдаги давлатларнинг аксарияти ҳали тан олганича йўқ.