Навоий вилоятининг Хатирчи туманида 9 ёшли қизни босиб кетган ҳайдовчиларга суд ҳукми ўқилди.
Kun.uz нашрининг суд ҳукмига таянган ҳолда ёзишича, фуқаролар Фахриддин Аманбаев ва Насимжон Амиров Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-модда 2-қисмида (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилган. Улар икки йил транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилгани ҳолда шунча муддатга қамалган.
Тергов ҳужжатларига кўра, Аманбаев ва Амиров (ҳар иккиси 1976 йилда туғилган) Хатирчи тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р48 автомобиль йўлининг 126-127-километри оралиғида бир-бирини қувиб ўтиш мақсадида BYD машиналарини катта тезликда бошқарган. Оқибатда Амиров пиёдалар йўлагидан ўтаётган вояга етмаган Ш.Ш.ни машинаси билан уриб кетган. Ортидан келган шериги йиқилган қизалоқни босиб ўтган. Қиз воқеа жойида жон берган.
Фожиали ЙТҲ жорий йил 1 июль куни рўй берган.
Судда ҳар икки ҳайдовчи айбига иқрорлик билдирган ҳамда машинани катта тезликда бошқариб, бир-бирини қувиб ўтишга ҳаракат қилганини тан олишган.
Кейинчалик ҳайдовчилардан бири йил мобайнида 12 марта радарга тушгани, ЙТҲ содир бўлган пиёдалар ўтиш жойига 2024 йил биринчи чорак якунига қадар ўрнатилиши керак бўлган тугмали светофор маблағ ажратилмагани сабабли ўрнатилмай қолгани ўртага чиққанди.
Жамоатчилик вакиллари сўнгги вақтларда пиёдалар ўлимига сабаб бўлаётган ЙТҲлар кўпайганидан хавотир билдириб келади.
Ноябрь ойида Самарқанд ва Андижондаги аварияларда ўқувчилар нобуд бўлганди.
Расмий статистикага кўра, 2022 йилда рўй берган 9902 та ЙТҲда 2356 киши ўлган бўлса, 2023 йилда қайд этилган 9839 та ЙТҲда 2282 киши, жумладан, 263 нафар бола вафот этган.
Фаоллар ЙТҲлар оқибатидаги ўлимлар юзасидан сиёсий жавобгарлик масаласини ҳам кўтаришган.