Жорий йилнинг 16-22 май кунлари кутилаётган кучли ёғин-сочин туфайли Ўзбекистоннинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқини ҳодисалари юзага келишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги раҳбари Шерзод Ҳабибуллаев Facebook тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.
Ўзгидромет раҳбарига кўра, сел ҳодисалари мамлакатнинг 9 вилояти ҳудудида, шу жумладан Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Кўкдала, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузор туманларида, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон, Музробот туманларида, Самарқанд вилоятининг Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пайариқ, Жомбой, Иштихон туманларида, Навоий вилоятининг Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех, Кармана туманларида, Жиззах вилоятининг Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод туманларида, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманларида ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарларида, Наманган вилоятининг Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқўрғон туманларида, Фарғона вилоятининг Сўх, Шоҳимардон, Фарғона, Бешариқ туманларида, Андижон вилоятининг Андижон, Асака, Жалақудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод, Марҳамат туманлари ва Хонобод шаҳрида кузатилиши эҳтимоли бор.
Хабарномада тоғолди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолидан ҳамда бу ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан тошқин эҳтимолига қарши эҳтиёткорлик чораларини кўриш сўралган.
Бу йил баҳор мавсумида Ўзбекистоннинг жанубий вилоятлари дохил Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатлар сел-тошқин ҳодисаларидан сезиларли зарар кўрди. Табиий офатлар оқибатида Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудларида бир неча киши қурбон бўлгани маълум.