Кадастр агентлигининг Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани бўлими бошлиғи Жобир Маҳмудов 5 йилга қамалди ва 2 йил муддатга давлат ташкилотларида масъул лавозимда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.
Суд Маҳмудов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” бандида (тамагирлик йўли билан пора олиш) назарда тутилган жиноятни содир этган, деб топган.
Kun.uz нашрининг суд ҳужжатига таянган ҳолда ёзишича, Тўрақўрғон тумани кадастр идораси раҳбари ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб, фойдаланиб келган фуқарога 51 миллион сўм жарима қўлланишини билдирган. Фуқаро тегишли ҳужжатларни расмийлаштираётганини айтиб, мулозимдан жарима қўлламасликни сўраган.
Кадастр идораси раҳбари иш қўзғатмаслик эвазига тўйи бўлаётган бир ходимига тўёна беришни талаб қилган.
Фуқаро фарзандларига ўқув қуроллари олиш учун танишидан 100 доллар қарз кўтаргани, шу маблағни беришини айтган. Бўлим бошлиғи яна 300 доллар “тўёна” талаб қилган.
Суд ҳужжатларига кўра, Жобир Маҳмудов 2024 йил 22 август куни Тўрақўрғон тумани Оқтош маҳалласи ҳудудида ўзининг Lacetti машинасида 300 долларни пора тариқасида олгани ортидан ушланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонун кучга кириши муносабати билан куни кеча аҳолига мурожаатнома йўллаган Кадастр агентлиги директори Фаррух Пўлатов эндиликда тизимда таниш-билишчилик бўлмаслигига ваъда берган эди.