Арманистон расмийлари назорати остида бўлган Тоғли Қорабоғнинг Степанакерт (Хонкенди) шаҳрига 18 сентябрь куни эрталаб бир вақтнинг ўзида Озарбайжон (Ағдам) ва Арманистон (Лочин йўлаги) орқали Халқаро Қизил хоч қўмитасининг юк машиналари ўтиб кетган. Бу ҳақда Озарбайжон президентининг ёрдамчиси Ҳикмет Гажиев маълум қилди. Мулозимга кўра, Лочин йўлаги орқали автомобилларнинг ўтиб кетгани “ҳеч қанақа йўл тўсиш бўлмаган”ини далиллаган.
Арманистон ОАВ Арманистондан йўлга чиққан 23 тонна ун Степанакертга етиб борганини тасдиқлашган. Бир вақтнинг ўзида Ағдам орқали Россия ва Швейцарияда ишлаб чиқарилган тиббий ва гигиена ашёлари етказиб берилган.
Аввалроқ Тоғли Қорабоғнинг арман миллатига мансуб расмийлари ўз назоратлари остида бўлган ҳудудга бир вақтнинг ўзида икки тарафдан юк етказиб берилишига розилик беришиб, бу қарорга кучайиб бораётган гуманитар буҳрон сабаб бўлганини билдиришганди. Олдин улар Озарбайжондан Лочин коридори орқали ҳаракатни тўхтатишни талаб қилиб, Ағдам орқали юк етказиб берилишидан бош тортиб келаётган эдилар.
Жорий йилнинг 15 июнидан Лочин йўлаги озарбайжонлик ҳарбийлар назорати остига ўтган. Айни пайтда Озарбайжон юклар йўли тўсилаётганига оид иддаоларни рад этиб, ўз мақсади Тоғли Қорабоғ тарафга кетаётган юклар устидан назорат ўрнатишга эришиш эканини билдирган. Боку Ереванни ўзини мустақил деб эълон қилиб олган республика ҳудудига Арманистон расмийлари томонидан ҳарбийлар ташланаётгани, қурол-аслаҳа ва ўқ-дори олиб ўтилаётганида айблаб, Озарбайжон ҳудудидан табиий бойлик ва маданий қийматга эга бўлган ашёлар ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилаётганини қайд этган.
Сўнгги пайтларда Тоғли Қорабоғдан озиқ-овқат, ёқилғи ва дори-дармон етишмаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.
Тоғли Қорабоғ ҳудуди халқаро ҳуқуққа кўра Озарбайжоннинг бир қисми бўлиб ҳисобланади. Минтақа аҳолисининг кўпчилигини арман миллатига мансуб кишилар ташкил этади. Ўтган асрнинг 90-йиллари бошида Боку минтақанинг катта қисмини назорат қилмас эди. Ўшанда арман жамоатчилиги вакиллари бу ҳудудни мустақил республика деб эълон қилган, аммо уни Арманистон дохил дунёнинг биронта давлати тан олган эмас.
2020 йил кузида бўлиб ўтган қисқа муддатли уруш ортидан Озарбайжон ва Арманистон Россия воситачилигида жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ҳақида келишув имзолашган. Боку Тоғли Қорабоғ ҳудудининг анчагина қисми ҳамда 90-йиллар бошида Арманистон қўшинлари томонидан эгаллаб олинган Озарбайжон яқинидаги ҳудудларни ўз назорати остига қайтарган. Минтақага Россиянинг тинчликпарвар кучлари жойлаштирилган.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян россиялик тинчликпарвар кучлар ўз мажбуриятини бажармай, Лочин йўлаги устидан назоратни таъминлай олмаганини билдирган.