Тожик-афғон чегарасидаги ҳужумда хитойлик фуқаро ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат

Тожик-афғон чегарасидаги Шамсиддин Шоҳин тумани (Хатлон вилояти) Зарбуз дарасида содир бўлган нохуш ҳодиса оқибатида хитойлик бир фуқаро ҳалок бўлган, яна беш киши яраланган. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати хабар қилди.

Нашрнинг ҳодисадан хабардор икки манбаси ҳужум “чегаранинг нариги тарафидаги қуролли шахслар томонидан” 17 ноябрдан 18 ноябрга ўтар кечаси содир этилганини маълум қилишган. Бироқ манбаларнинг ҳеч бири “бу ҳужум наркотик контрабандачилари ишими ёки бирор гуруҳ жангарилари иши?” деган саволга аниқ жавоб бера олмаган.

Яраланган беш кишининг тўрт нафари Хитой фуқароларидир. Яна бири маҳаллий турғунлардан. Жароҳатланганларнинг ҳаммаси Шамсиддин Шоҳин туманидаги касалхонага етказилган. Воқеа жойига ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари чиқиб кетишган, тергов ишлари олиб бориляпти”, деган Озодликнинг тожик хизматига манбалардан бири.

Нашр суҳбатдоши чегара яқинида хитойликларнинг юришини туманда олтин қазиб олиш корхонаси борлиги билан изоҳлаган.

“Зарбуз дараси Сари Ғор мавзеси яқинида жойлашган. Хитойликлар у ерда ишлаётган эди”, деган манба.

Сари Ғор мавзесида чегара заставаси жойлашган.

Тожикистоннинг Афғонистон билан 100 километрга узанган Шамсиддин Шоҳин туманидаги чегара участкаси энг муаммоли участкалардан бири бўлиб ҳисобланади. Аввалроқ бу ерда бир неча бор одамлар гаровга олинган, тожикистонлик фуқаролар ва чегарачиларга ҳужумлар уюштирилган. 1993 йил 13 июлида айнан шу жойда 12-“Сари Ғор” чегара заставасига исломий жангарилар ҳужум уюштиришган. Ўша пайтда бу жой Россия чегара хизмати тасарруфида бўлган. Бироқ бу чегарада хитойлик фуқаро ҳалок бўлиши билан боғлиқ илк ҳодисадир.

Афғонистон ҳудуди террор гуруҳлари томонидан фойдаланилмаслиги ҳақида “Толибон” тарафидан расмий баёнотлар берилганига қарамай, Тожикистон расмийлари Панж дарёсининг нариги томонидаги вазиятдан жиддий хавотирдалар. 2023 йилда улар чегарадан контрабандачилар ҳамда террор гуруҳлари аъзолари Тожикистонга ўтганига оид бир неча ҳолат ҳақида маълум қилишган эди.