Иркутскда тожик мухожирларига ўт қўйган маҳаллийлар ҳибсдан озод қилинди

Иркутскда ҳалок бўлган тожик мигрантлардан бири.

Озодлик радиоси тожик хизматининг хабар беришича, Иркутскда тожикистонлик муҳожирлар яшайдиган қурилиш вагончасига ўт қўйганликда гумонланиб қўлга олинган уч нафар маҳаллийлардан икки нафари ҳибсдан озод қилинди.

Айни пайтда маҳаллийлардан фақат бир нафари - 26 ёшли фуқаро ҳибсда қолмоқда.

Айни пайтда маҳаллий аҳолини ўлдиришга таҳдид қилганликда айбланиб, тожикистонлик муҳожирлар Қурбонмад Содиқов, Далер Хасанов ва Жумабой Искандаров қамоққа олинган.

Иркутск вилоятининг Залари аҳоли пунктида 12 ноябрь куни маҳаллий аҳоли ва тожикистонлик мигрантлар ўртасида жанжал келиб чиққан эди. Жанжал оқибатида маҳаллий аҳоли вакилларидан иборат гуруҳ тунда мигрантлар яшайдиган вагончага ўт қўйиб юборган.

Ёнғин оқибатида 21 ёшли Насимжон Саидали ва 19 ёшли Сирожиддин Гулзода ҳалок бўлган, яна беш мигрант турли жароҳатлар олиб, касалхонага ётқизилган. Мигрантлар ва маҳаллий аҳоли жанжалнинг келиб чиқишида бир-бирларини айблаган.

Озодлик радиоси тожик хизматининг хабар беришича, ўтган йили Россиядан тожикистонлик 300 мигрантнинг жасади ватанига олиб келинган.