Қирғизистон ҳукумати тожикистонлик ҳарбийлар аввал эришилган келишувларни бузган ҳолда 4 июнга ўтар кечаси икки давлат чегарасининг мақоми аниқланмаган участкасида контейнер ўрнатганини билдирди. Улар иддаосига кўра, қўшни давлат ҳарбийлари Қирғизистон ҳудудига бир километрча ичкарилаб, Ўш вилоятининг Чўнг Олой туманига қарашли “Унжу-Булак” деган жойда контейнер ўрнатган.
“Тожикистон томони аввал эришилган келишувларни бузиб, қирғиз-тожик чегарасидаги вазиятни кескинлаштирди, бу эса яхши қўшничилик ва дўстлик алоқаларига мувофиқ эмас”, дея иқтибос келтирган Озодликнинг қирғиз хизмати ҳукумат баёнотидан.
Қирғизистон МХДҚ Чегара хизмати маълумотига кўра, эрталабки соат 06:00 ҳолатига чегарадаги вазиятни “таранг” дея баҳолаган.
Хабарларга кўра, Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг делимитацияси ва демаркацияси бўйича қирғиз делегацияси раҳбари, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев чегарада юзага келган вазият туфайли Ўш вилоятига учиб кетган.
Тожикистон томонидан Қирғизистон билан чегарадаги вазият юзасидан ҳали расмий изоҳ берилганича йўқ.
Жорий йил апрель ойи охирида қирғиз-тожик чегарасида тўқнашув содир бўлган, бунинг натижасида Қирғизистон томонидан 36 киши ҳалок бўлиб, 154 киши жароҳат олган, Тожикистон томонидан эса 19 киши нобуд бўлиб, 87 киши яраланган эди.
Можарода икки мамлакат вакиллари бир-бирларини айблаб чиққанлар, Қирғизистон билан Тожикистон прокуратура идоралари эса бир-бирларининг фуқароларига қарши оғир моддалар бўйича жиноят ишлари очишган.