Бокира чиқмади деб ҳайдалгани учун ўзини ўлдирган келинчакнинг куёви қамалди

Зафар Пиров Тожикистон Жиноят кодексининг 109- моддасида (“Ўз жонига қасд қилишга олиб келиш”) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилди.

Тожикистонда суд Зафар Пировни турмуш ўртоғининг ўз жонига қасд қилишига сабабчи бўлган, деб топди ва 7 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Чорбоғ қишлоғида истиқомат қилувчи 24 ёшли йигит Тожикистон Жиноят кодексининг 109- моддасида (“Ўз жонига қасд қилишга олиб келиш”) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилди. Бу жиноят учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этиш кўзда тутилган.

Суд жараёнлари ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди. Суд залида ҳар икки томоннинг чекланган вакиллари бўлди.

Восе тумани Хотин-қизлар ва оила ишлари бўйича бўлими бошлиғи Ҳафиза Сафарованинг айтишича, суд сўнгги ойларда минтақани безовта қилган ҳодисага нуқта қўйди.

Зафар Пировнинг қариндошлари суд хукмини изоҳлашмади. Унинг адвокати Қурбонали Бобоев ўз мижозининг рухсатисиз суд ҳукми ҳақида фикр билдирмаслигини айтди.

Зафар Пиров бундан аввал, ўзини айбдор деб ҳисобламаслигини ва адолатли суд жараёнига умид қилишини айтган эди. У рафиқаси ўзи жонига қасд қилганидан сўнг виждони қийналаётганини айтди. «Мен унинг ўлимини истамаган эдим. Мен унинг ота-онаси тўйга сарфлаган 13 минг сомонини қайтаришини истаган эдим», деди Зафар Пиров 7 июл куни.

Зафар Пиров ва унинг 18 ёшли рафиқаси Ражабби Хуршед тўй куни танишишган. Келиннинг бокиралиги борасидаги баҳс биринчи никоҳ оқшомида бошланди. Эр келиннинг бокиралигига шубҳа қилди ва икки марта уни пойтахтга экспертизага олиб борди. Қайта экспертиза ҳам Ражаббини тўйга қадар бокира бўлганини тасдиқлади, бироқ ёшларнинг турмуши уриш-жанжаллар билан ўтди.

Анъанавий тожик жамиятида қиз тўйга қадар бокира бўлиши керак деган ақида мавжуд. Акс холда никоҳнинг биринчи куни бокира чиқмаган келин шармандаларча эшикка кузатиб қўйилади. Бу каби қизларни ота-оналари ҳам қабул қилмайди. Уларнинг шаъни ва обрўси умрбод қоралигича қолади.