Қурғоқчилик таҳдиди: Қозоғистон экинларни суғориш учун Тожикистондан қўшимча сув олмоқда

Қайроққум сув омбори

Қозоғистон жанубий минтақаларида ўткир сув танқислиги кузатилаётган бир пайтда Тожикистондаги Қайроққум сув омборидан қўшимча 315 миллион куб метр сув олишни режаламоқда. Мамлакат жанубидаги фермерлар Сирдарё ҳавзасида сув етишмаслиги туфайли шолини суғоришни камайтиришга мажбур бўлишган.

Қозоғистон экология, геология ва табиий бойликлар вазири ўринбосари Серик Хўжаниёзов “Баҳри Точик” резервуари (Қайроққум сув омбори)дан жорий йилнинг июнь — август даврида Қозоғистонга қўшимча сув ташланишини маълум қилган. Унга кўра, 315 миллион куб метр миқдордаги бу сув шоликор майдонларни суғоришга сарфланади.

Хўжаниёзовнинг айтишича, Қозоғистон сув эвазига Тожикистонга техника ва ёнилғи-мойлаш материаллари етказиб беради.

Тожикистон Энергетика ва сув захиралари вазирлиги “Озодлик”нинг тожик хизматига вазир Далер Жума ҳамда Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазири Магзум Мирзагалиев бу масалада 31 май куни келишувга эришганини тасдиқлаган.

Қайроққум сув омборидан Ўзбекистонга ҳам қўшимча сув берилиши бўйича келишув бор-йўқлиги ҳозирча маълум эмас.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистонга сўнгги расмий ташрифи чоғида Қайроққум ГЭСида бўлган эди. Аввалроқ у мамлакат аҳолисини 2021 йилда Ўзбекистон экин майдонларини суғоришда жиддий сув танқислигига дуч келишидан огоҳлантирган. “Суғориш учун сув ҳажми 60 фоизгача камаяди”, деган Мирзиёев.

Тожикистон ҳукумати жорий йилда Сирдарё ҳавзасида сув камлиги билан боғлиқ мураккаб вазият юзага келганини билдирган. Тожикистон Фанлар академияси Музликларни ўрганиш маркази директори Абдулҳамид Қаюмов тоғларда қор жуда кам ёққанлиги сабабли дарёларда сув янада камайиб кетишидан огоҳлантирмоқда.

“Ҳозирда Варзоб дарёси юқорисида сув сатҳи 30 сантиметргача пасайган — бу ҳалокатли даражада паст кўрсаткич”, деган у.

Қайроққум ГЭСи сув омбори Тожикистон ҳудудидаги энг йирик сув омборларидан бири саналади. Унинг узунлиги 65 километр ва эни 8 дан 20 километргача, сув сиғими эса 3 миллиард 413 миллион куб метрни ташкил қилади.