Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири 1 февраль куни Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида аҳолига электр энергияси чекланган миқдорда етказилаётганини мамлакатда юқори иқтисодий ўсиш кузатилаётгани билан изоҳлаган.
“Юқори иқтисодий ўсиш суръати электр энергиясига бўлган талабни ошириб юборди”, деган вазир Далер Жума бу иддаосини исботловчи далиллар келтирган эмас.
Авваллари энергетика соҳаси мутасаддилари электр таъминотидаги узилишларни омборларда сув тақчиллиги ёки “профилактика ва таъмирлаш ишлари” билан изоҳлашар эди.
Тожикистон иқтисодиёти постсовет давлатлари орасида энг ночор иқтисодиётлардан бири бўлиб ҳисобланади, бу мамлакатда кўплаб одам пул топиш учун хорижга чиқиб кетишга мажбур бўлмоқда.
Ўтган йил кузидан Тожикистоннинг аксар ҳудудларида электр энергиясига чеклов жорий этилган. Айни пайтда Душанбе 2024 йилда ҳам қўшни Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни ваъда қилган.
Asia-Plus нашрининг Давлат статистика қўмитаси маълумотларига таянган ҳолда хабар қилишича, 2023 йил декабрь ойида Тожикистон хорижга 7,2 миллион долларлик электр энергияси экспорт қилган.