Тожикистон Эрон билан виза тартибини бекор қилишга оид англашув меморандумини тасдиқлади

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон эронлик ҳамкасби Иброҳим Раисий билан (архив сурати)

Тожикистон ҳукумати Эрон билан виза тартибини бекор қилишга оид англашув меморандумини тасдиқлади, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.

Мазкур ҳужжат Эрон президенти Иброҳим Раисийнинг 2023 йил ноябрь ойида Душанбега ташрифи чоғида имзоланган эди. Бунга оид қарор эса Тожикистон ҳукумати томонидан жорий йилнинг 3 январида имзоланган.

Ҳужжатда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги меморандум кучга кириши учун зарур бўлган ички процедуралар Тожикистон томонидан бажарилгани ҳақида Эрон томонини тегишли тартибда хабардор қилиши лозимлиги айтилган.

Меморандумда Тожикистон ва Эрон фуқаролари томонлар ҳудудига 30 кунгача визасиз кириши, чиқиши, транзит ўлароқ ўтиши ёки вақтинча бўлиб туриши мумкинлиги қайд этилган.

Визасиз тартиб фуқароларнинг хизмат ва туристик сафарлари учун ҳамда халқаро юк ва йўловчи жараёнида иштирок этувчи шахслар учун амал қилади.

Ўттиз кундан кўпроқ муддатга ўқиш, ишлаш ва ҳ. мақсадларда Эронга бормоқчи бўлган тожикистонликлар ёки Тожикистонга бормоқчи бўлган эронликлар виза олишлари шарт бўлади.

Ҳужжат матнига мувофиқ, визасиз тартиб ҳар икки тарафдан меморандум кучга кириши учун зарур ички тартиб-қоидалар бажарилгани хусусида билдиришнома олинган кундан бошлаб ишга тушади.

Бунгача Эрон ва Тожикистон ўртасида виза режими мавжуд бўлиб, ҳар икки давлат фуқаролари виза чиқишини ҳафталаб кутар эди.

Душанбе ва Теҳрон ўртасидаги муносабатлар 2000-йиллар ўрталарида кескин ёмонлашиб кетганди. Душанбе Эронни Тожикистон Ислом Уйғониш партиясини дастаклаганликда айблаган эди. Ўз навбатида, Эрон матбуоти Тожикистон ҳукуматини Эронда умрбод қамоққа ҳукм қилинган эронлик миллиардер Бобак Занжонийга тегишли миллиардлаб долларларни ўзлаштирганликда айблаган. Аммо сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабат яна илиқлашган.