Тожикистонда фермер мухолифат сайтига ариза ёзгани учун 5 йилга қамалди

Тожикистоннинг Хатлон вилоятидаги деҳқон хўжалиги раиси Маҳмуджон Бобомуродов "Ислоҳ" телеканали билан "ҳамкорлик қилгани" учун 5 йилга қамалди. Суд 60 ёшли фермерни "Ислоҳ" телеканали материалларни тарқатишда ҳамда сайт бош муҳаррири Муҳаммадиқбол Садриддинга ўз шикоятини юборишда айбдор деб топди.

Тожикистон ҳукуматини, жумладан, президент Эмомали Раҳмон сиёсатини танқид қилувчи "Ислоҳ" телеканали ва сайти тожик мухолифатининг асосий каналларидан бири ҳисобланади. Сайт муҳаррири Муҳаммадиқбол Садриддин Франциядан бошпана топган.

Суд ҳукмида қайд этилишича, 2023 йил 2 августида "Ислоҳ" сайтида Хатлон вилояти Дўсти туманида сув танқислиги ҳақида гапирилган ва туман ҳокими Даврон Нишонзода фаолияти танқид қилинган мактуб чоп этилган.

Мактуб муаллифининг исми кўрсатилмаган бўлса-да, тергов бу хатни Маҳмуджон Бобомуродов ёзганини иддао қилган. Бош прокуратурага кўра, мактуб “сиёсий ва провокацион хусусиятга эга”. "Ислоҳ" эса, бу мактубда халқнинг нидоси акс этганини таъкидламоқда.

Бундан аввал ҳам "Ислоҳ"га мурожаат қилган айрим тожикистонликлар суд қилинган эди. Масалан, 2022 йил декабрида маҳаллий таълим бўлими ходимаси Мавлуда Боймуродзода, ер фондини бошқариш ташкилоти ходими Мамад Шералиев ҳамда "Жаҳоннамо” давлат телеканалининг мухбири Абдураҳмон Иззатмандов ва Жалол Зоидовлар тақиқланган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш ва ёлғон маълумот тарқатишда айбланиб, беш йилга қамалган эди.

Прокуратурага кўра, улар туман таълим бўлими раҳбарини обрўсизлантириш мақсадида туманда мактаб таълимининг абгор аҳволи ҳақида маълумотларни "Ислоҳ" сайти орқали чот этган.

Ҳуқуқбонлар Тожикистонда экстремизм ва терроризмга қарши кураш баҳонасида тамал ҳуқуқ ва эркинликлар бостирилаётганидан ҳавотирда. Уларнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқларда амалдорларни ёки сиёсатни танқид қилган оддий одамлар ҳам шу моддалар бўйича қамалиб кетмоқда.