“Настояшчее время” телеканалининг ёзишича, 19 сентябрь куни Тожикистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Содиқ Имоми Тожикистон ҳукумати Қирғизистон ҳудудидаги "Ворух анклавини анклав сифатида тан олмайди", деб баёнот берди.
Имомининг айтишича, 1920 – 1930 йиллар оралиғида Совет ҳукумати Тожикистонга тегишли бўлган учта ҳудудни қонуний процедураларга амал қилмаган ҳолда Қирғизистонга бериб юборган. Ўз сўзларининг исботи сифатида Тожикистон расмийси СССР ташкил этилгандаги илк хариталарни келтирди. Имомига кўра, бу хариталарда Ворух ва яна икки ҳудуд Тожикистонга тааллуқли экани акс этган.
“Қирғизистон томони факт бўйича бу ҳудудларни ўзиники деб ҳисоблайди. Агар харитага эътибор қаратсангиз, ҳеч қандай Ворух анклави мавжуд эмас. Бу ер Тожикистоннинг қолган ҳудуди билан табиий равишда боғланган. Афсуски, бу ҳудудларнинг интенсив тарзда ўзлаштирилиши, ҳатто Совет даврида ҳам конфликтларга сабаб бўлган”, - деди Содиқ Имоми.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистон томонининг бу баёнотини “фитна” ва “халқаро фундаментал ҳуқуқ принципларининг бузилиши” сифатида баҳолади.
“Юқори даражадаги дипломатнинг чет давлат ички сиёсати тўғрисида нопрофессионал тарзда айтган фикри, жумладан, гўёки сегрегация сиёсати олиб борилаётгани тўғрисида ўринсиз гапириши, ҳақиқатга зид ҳамда дипломатик этиканинг меъёрларига қарши келади. Асоссиз ва ёлғон маълумотлардан иборат очиқдан-очиқ фитначилик баёнотлари далил-исбот талаб қилмайди. Тожик томонининг дунё ҳамжамиятини чалғитишга қаратилган барча қўпол ва эпсиз ҳаракатларига қарамай, Тожикистон фундаментал халқаро ҳуқуқ принципларини ва меъёрларини бузиш орқали Қирғизистонга қарши гуманизмга зид равишда қуролли агрессия қилгани факт қатори қолмоқда”,-дейилади баёнотда.
14-17 сентябрда Қирғизистон-Тожикистон чегарасида яна отишмалар содир этилгани ортидан Боткен вилоятидан 140 мингга яқин киши эвакуация қилинган. Сўнгги маълумотларга қараганда, отишмада Қирғизистон томонидан 59 киши ҳалок бўлди, 163 киши жароҳатланди, камида 282 объект вайрон бўлди.
Тожикистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Содиқ Имоми 19 сентябрда ўтказилган матбуот анжуманида 14-17 сентябрь оралиғидаги отишмаларда 41 тожикистонлик ҳалок бўлганини айтди.