Тожикистон жанубида афғон қочқинлари учун алоҳида қишлоқ қурилади

Тожикистон жанубида афғонистонлик қочқинлар ва табиий офатлардан жабрланган шахслар учун алоҳида қишлоқ қурилмоқда. Лойиҳани Осиё тараққиёт банки молиялаштиради.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, қишлоқ Тожикистон билан Афғонистон чегарасидан 50 километр узоқликда – Хатлон вилоятидаги Жалолиддин Балхий туманида жойлашади.

250 оилага мўлжалланган қишлоқ “Толибон” ҳаракати ҳокимият тепасига келганидан кейин афғон қочқинларини жойлаштириш мақсадида ташкил этилган вақтинчалик чодир шаҳарчаси ўрнида қурилади.

Тожикистон ҳукумати Афғонистондан қочқинлар оқими давом этиши мумкинлигини истисно қилаётгани йўқ.

Фавқулодда вазиятлар қўмитасининг аҳолини муҳофаза қилиш бош бошқармаси раҳбари Жамшед Камолзода қочқинлар учун қишлоқ қурилиши бошлангани ва қарийб икки йил давом этишини билдирган.

Қишлоқ ўз инфратузилмасига эга бўлади, бу ерда йўл ва кўприк таъмирланади, электр тармоғи тортилади.

Кўп йиллар аввал Тожикистонга келган афғон қочқинлари асосан Душанбе атрофида яшайди. Баъзи маълумотларга кўра, мамлакатда 10 мингга яқин афғон қочқини бор. Улар бир неча бор ишсизликдан шикоят қилишган.

БМТ маълумотларига кўра, Тожикистон ҳукумати 2022 йилда камида 85 нафар афғон қочқинини мамлакатдан мажбуран чиқариб юборган. Тожикистон ҳукумати бу иддаолар юзасидан бирор изоҳ берган эмас.