Тожикистон омбудсмени Умед Бобозода Россиядаги тожикистонлик мигрантларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилаётганидан хавотир билдирди.
Бобозода россиялик ҳамкасби Татьяна Москальковага мактубида Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари Тожикистондан бўлган меҳнат мигрантларига муомаланинг ноқонуний усулларини қўллаётгани, уларга қўполлик қилаётгани, уларни калтаклаётгани ва таҳқирлаётгани ҳақида ёзган. У Тожикистон фуқаролари Россия чегарасида тегишли шароитсиз ва озиқ-овқатсиз узоқ муддатга тутиб қолинаётганига оид ҳолатларни қайд этган. Айни пайтда, Бобозодага кўра, ушлаб қолинаётганлар орасида Тожикистоннинг расмий вакиллари, талабалар, қариялар, аёллар ва болалар бор.
Бобозода Москальковадан Тожикистон фуқаролари ҳуқуқларига риоя қилинишида кўмак беришни, бу каби ҳолатлар мониторингини амалга ошириб, керакли чоралар кўришни сўраган.
Сўнгги бир неча ҳафта ичида тожикистонлик бир неча мулозим россиялик расмийларнинг Тожикистондан бўлган меҳнат муҳожирларига муносабатидан норозилик изҳор қилишган. Хусусан, 4 октябрь куни Душанбеда бўлиб ўтган икки мамлакат ҳукуматлараро комиссияси мажлисида бу масала Тожикистон бош вазир Қоҳир Расулзода томонидан кўтарилган.
Ҳар йили юз минглаб тожикистонлик Россияга пул топиш учун боради. Бироқ сўнгги йилда Россияда тожикистонлик фуқароларнинг асоссиз равишда текширилиши ва қўлга олиниши ҳолатлари кескин кўпайган. Вазият шу йил мартида Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл”даги теракт ортидан айниқса таранглашиб кетган. Россиялик терговчилар тахминларига кўра, мазкур террор хуружи Тожикистон фуқаролари томонидан содир этилган.
Терактдан кейиноқ тожикистонлик минглаб фуқаро Россия аэропортларида ёки чегараларида тутиб қолинган, уларнинг кўпига Россия ҳудудига кириш таъқиқланган ва улар депортация қилинган. Тўлиқ бўлмаган бир йил ичида Россиядан 20 минг чоғли тожикистонлик депортация қилинган.