Хўжанддаги колонияда кўтарилган исёнда камида 50 киши ўлгани айтилди

Сўғддаги қамоқхона.

Сўғд вилояти маъмурий маркази Хўжанд шаҳрида жойлашган қаттиқ режимли колонияда кўтарилган исён давомида камида 50 киши ўлган. Воқеа пайтида неча киши яралангани ҳозирча номаълум. Колония назоратчиларидан 6 нафари оғир аҳволда касалхонада қолмоқда. Бу ҳақда Озод Европа/Озодлик радиоси тожик хизмати (Озоди радиоси) хабар қилди.

Олдинроқ икки соқчи ҳалок бўлгани тасдиқлангани тўғрисида хабар қилинган эди. Хўжанднинг 16-микрорайонида жойлашган колонияда маҳбуслар 8 ноябрга ўтар кечаси исён кўтарган.

Озоди радиоси мухбири давлат идораларидан бирида исённи бостириш чоғида ўлганлар рўйхатини кўрган. Мухбирга кўра, рўйхат камида 50 та фамилиядан иборат.

Тожикистон расмийлари оммавий ахборот воситаларининг колонияда кўтарилган исён тўғрисидаги хабарларини ҳануз изоҳламаяпти.

Аснода исённи бостириш давомида ўлдирилган маҳкумлар солинган тобутлар очтирилмай кўмдирилаётгани маълум бўлди. Дафн маросимлари милиция ходимлари назорати остида ўтмоқда.

Ўлдирилган маҳкумлардан бири, 23 яшар Баҳром Исмоиловнинг онаси Руқия Исмоилова ўғлининг тобутини очишга рухсат беришмаганини Озоди радиосига айтиб берди.

Исмоилованинг айтишича, унинг ўғли Баҳром 3 йил олдин 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Баҳром Тожикистон Жиноят кодексининг 401- моддаси, 1- қисми (Ёлланиш) бўйича айбдор, деб топилган.

Руқия Исмоиловага кўра, у 8 ноябрь куни колония олдида жуда кўп Тез ёрдам машиналари турганини кўрган. "Ўғлим кўмилган қабристонда яна уч маҳкум кўмилди", деган Исмоилова.

Озоди радиоси Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирининг мулозимига таяниб, исённи "Ислом давлати" террор гуруҳи жангарилари уюштирганини хабар қилди.

"Ислом давлати" террор гуруҳининг маълум қилишича, исён унинг "аскарларидан бири" томонидан амалга оширилган.

Гуруҳ бундай баёнотни ўзинг "Амақ" ахборот агентлиги орқали 8 ноябрда тарқатди.

Агентликка кўра, исён 7 ноябрь оқшомида "Ислом давлати" жангчиси қамоқхона нозирига ҳамла қилиши ортидан бошланган.

Хўжанд шаҳрида жойлашган қаттиқ режимли колонияда кўтарилган исён тўғрисидаги дастлабки хабарни мана бу ерда ўқинг.