Тожикистон ўнга яқин афғонни ватанига депортация қилди

Афғонистонлик қочқинлар. Иллюстратив сурат.

Тожикистон ҳукумати сўнгги кунларда камида 9 нафар афғонни ватанига депортация қилди. Бу ҳақда Озодлик тожик хизмати ўз манбаларига таянган ҳолда хабар берди.

Хавфсизлик органлари афғонларни ўз бўлимларига чақиртирган, айримларини эса яшаётган жойларидан ушлаб кетган ва Афғонистонга топширган.

Хабарда депортация қилинган афғонларнинг сони бундан кўпроқ бўлиши мумкинлиги ва уларнинг айримлари қочқинлик мақомига эга бўлгани таъкидланади.

Тожикистон ҳукумати расман афғонларнинг депортация қилинишига оид хабарларга муносабат билдирмади. Аввалроқ Тожикистон Ички ишлар вазирлиги йил бошидан бери Афғонистоннинг 32 фуқароси чегарани ноқонуний кесиб ўтгани аниқлангани ва улар қўлга олиниб, ватанига депортация қилингани тўғрисида билдирган эди.

БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигининг Душанбедаги ваколатхонаси афғон қочқинлари депортация қилингани тўғрисида маълумотга эга эмаслигини маълум қилди.

Ваколатхонанинг билдиришича, шу кунгача 8500 афғон Тожикистонга бошпана сўраб мурожаат қилган. Уларнинг 5700 нафари 2021 йилнинг августида Толибон ҳокимиятни босиб олганидан сўнг Тожикистонга қочган.

Афғонистонлик қочқинлар Тожикистондан транзит мамлакат сифатида фойдаланади ва асосан Канадага ёки Европа давлатларига кетишни исташади. Сўнгги бир йилда Тожикистондан 4 мингга яқин афғон қочқини учинчи ўлкаларга кўчирилди.