Тоғли Бадахшон мухтор вилояти маркази Хоруғ шаҳрида қор кўчкиси оқибатида ўн киши, жумладан, 4 ёшли икки бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда Озодлик радиоси тожик хизмати хабар қилди.
“Қутқарувчилар ҳаракати билан 15 февраль соат 14:00 ҳолатига кўра, кўчки остидан тўққиз киши қутқариб қолинди”, деди Тожикистон Фавқулодда ҳолатлар ва фуқаролар мудофааси қўмитаси матбуот котиби Умед Юсуфий.
Унга кўра, қор кўчкиси оқибатида Хоруғда 22 та уйга зарар етган, улардан тўрттаси вайрон бўлган, 18 таси қисман зарарланган.
Бундан ташқари қор кўчкиси Хоруғдаги Афғонистон консулхонаси биносини босиб қолган. Электр узатиш линиясига зарар етган. Айни пайтда Хоруғда электр таъминоти узилиб қолган.
Умед Юсуфийнинг айтишича, Душанбе-Хўжанд йўлида ҳам қор кўчган. Йўлнинг 65,8 километрида тўрт автомашина кўчки остида қолган. Қутқарувчилар ёрдамида улар қор остидан чиқариб олинди. Ҳайдовчилардан бир нафари қурбон бўлди.