Қозоғистоннинг газ экспортига тақиқи Тожикистонда нарх-наво кескин ошишига олиб келди

Душанбедаги АЁҚШ.

Қозоғистоннинг газ экспортига тақиқ қўйиши тожикистонлик такси ҳайдовчиларини оғир аҳволга солиб қўйди. Мижозлар ёқилғи тақчиллиги сабаб ошган йўлкира ҳақини тўлашга қийналмоқда.

«Ёқилғи нархи кўтарилди, лекин биз тирикчилик қилишимиз керак. Йўловчиларга ҳам қийин», дейди хўжандлик такси ҳайдовчиси.

Сўнгги ҳафталарда Душанбедан Кўлоб шаҳрига йўлкира аввалги 5 доллардан 7 долларга қадар ошган. Йўловчилар йўл ҳақи қиммат бўлганидан кейин муҳим бўлмаган сафарларни кечиктиришни афзал кўрмоқда.

Қозоғистон Энергетика вазирлиги 20 октябрь куни суюлтирилган газ - пропан ва бутан экспортини уч йилга тўхтатганини эълон қилди. Бу қарор асосан Қозоғистондан газ импортига таянган Тожикистонда ёнилғи нархини ошириб юборди. Тожикистон газ импортининг ярмидан кўпини мамлакатдаги автомобиллар истеъмол қилади.

Расмий маълумотларда инфляция пастлиги айтилса-да, озиқ-овқат нархлари ўсишда давом этмоқда.

Тожикистонда 2022 йилда инфляция расман 4 фоиздан сал кўпроқни ташкил қилган. Ваҳоланки, Қирғизистон ва Ўзбекистон минтақанинг энг йирик савдо шериги Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши ортидан киритилган санкциялар шароитида икки хонали инфляцияни қайд этган.

«Азия-Плюс» ахборот агентлигининг тожикистонликлар билан ўтказган сўрови шуни кўрсатдики, ўтган йили давлат хизматчиларининг ойликлари 20 фоизгача оширилганига қарамай, кўплаб фуқаролар харид қобилияти пасайганини билдирган.

Душанбедаги йўловчилар.


Жаҳон озиқ-овқат дастури томонидан чоп этиладиган ҳафталик мониторинг Тожикистонда сут, шакар, картошка ва гуруч сингари асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 12-18 фоизга ошганини кўрсатди.

Тожикистон Монополияга қарши кураш хизмати тақчиллик ва нархлар ўсишини «вақтинчалик» деб баҳолаб, импортчиларга нефть олиб келишнинг муқобил йўлларини ишлаб чиқишга топшириқ берди.

Ёқилғини 100 фоиз импорт қиладиган Тожикистон углеводород нархи ошишига жуда таъсирчан. Бу даромади ойига ўртача 200 доллар атрофида бўлган тожикистонликлар ҳаётини янада оғирлаштиради.

Август ойида расмийлар Эрондан ёнилғи импорти ҳақида гапирди.

Иқтисодий таҳлилчи Абдураҳмон Ҳакимзода ёқилғи бозорида мустақил иштирокчилар йўқлиги сабабли ёқилғи қаердан келтирилишидан қатъи назар, истеъмолчиларга ноқулайлик туғдиришини айтди.

Ёқилғи тақсимоти узоқ вақтдан бери ёқилғи компанияларининг кичик гуруҳига боғланган, Россия давлат энергетика гиганти Газпром ва ҳукмрон оилага қарашли Фароз компанияси бозорда ҳукмронлик қилади.

«Тожикистон нефть маҳсулотларини, хусусан, бензин ва газни ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни Тожикистоннинг ўзида йўлга қўйишга ҳаракат қилиши керак», деди Ҳакимзода.

Тожикистонда ўн йил аввал бошланган 500 миллион долларлик, йиллик қуввати 400 минг тоннага яқин нефтни қайта ишлаш заводи фойдаланишга топширилмоқда. Бироқ хомашё қаердан олиниши ҳозирча аниқмас.

Расмийлар Хитой ёрдамида қурилган янги нефтни қайта ишлаш заводи тайёрлигини айтмоқда. Аммо завод хомашёни қаердан олади?


Маҳаллий иқтисодчилар Эрондан ёқилғи импортига скептик қарайди. Уларнинг фикрича, логистика ва божхона тарифлари сабабли Эрондан импорт қилиш Қозоғистон ва Россия вариантларидан қимматроққа тушади.

Ўтган ҳафта Туркманистон пойтахти Ашхободда бўлиб ўтган энергетика анжуманида Тожикистон энергетика вазири ўринбосари Шарифа Худобахш Тожикистондаги углеводород захиралари Совет даврида ҳисобланган 900 миллиард кубометр газ ва 150 миллион тонна нефтдан анча кўп бўлиши мумкинлигини айтди.

Хитойнинг CNPC ва Тожикистоннинг "Сомон-Ойл" компанияси ҳозирда Данғара ва Бохтар ҳудудларида ерости захираларини қидириш ишларини олиб бормоқда, аммо қидирувдан тортиб то ишлаб чиқаришгача бўлган жараён узоқ давом этади.

Бу эса ҳозирча тожикистонликлар ёнилғи нархидаги ўзгаришлардан азият чекишда давом этишини англатади.