Тожикистонда хотин-қизлар нима кийиши ва қандай кийиниши тавсия қилинди

Тожикистон Республикаси Маданият вазирлигида "Аёллар учун тавсия этилган миллий либослар", деган ҳужжат тайёрланиб, тасдиқ учун Тожикистон ҳукуматига юборилди.

Давлатга қарашли “Ховар” ахборот агентлиги 26 февраль куни аёлларнинг давлат идоралари, расмий маросимлар ва кӯчада кийишлари тавсия этилган миллий либослар ҳақида маълумот бериб, бу либослар суратини чоп этди.

Тожикистон Маданият вазирлиги тожик аëлларига тавсия қилинган кийим-кечакларни чоп этди

Намуналарни тайёрлаш чоғида аёлларнинг ёши ва йилнинг тўрт фаслида фойдаланишлари ҳисобга олингани билдирилди

“Ховар”га кӯра, мазкур ташаббусдан “миллий қадриятларни эъзозлаш ва миллий либосларни тарғиб қилиш” мақсади кўзланган.

“Аёллар учун тавсия этилган миллий либослар” ҳақидаги ҳужжатда, аёлларга давлат идораларида миллий анъаналар асосида тикилган Европа усулидаги либосларни кийиш тавсия этилган.

Жумладан, аёллар давлат идораларида юбка кийиши зарурлиги кӯрсатилган. Аммо маросим ва жамоат жойларида аёллар миллий кӯйлак ва лозим билан юришлари мумкин.

Мазкур ҳужжатда Тожикистондаги халқлар ва минтақалар аҳолисининг урф-одатлари ва минтақаларнинг ўзига хосликлари ҳисобга олинган.

Маданият вазири Шамсиддин Орумбекзода жорий ойда бӯлиб ӯтган матбуот анжуманида тожикистонлик эркаклар учун ҳам миллий либос намуналари тайёр бўлаётгани борасида хабар берганди.

Жаноб Орумбекзодага кӯра, ҳозирги шароитда тожикистонлик эркаклар фақат уй шароитида, аза ёки тӯй маросимларида миллий либос кияди.

2014 йили Тожикистонда “Оналар куни” сифатида нишонланадиган 8 март байрамида фаоллар билан учрашган президент Раҳмон мамлакат шаҳар ва қишлоқларида “тожик маданияти ҳамда анъаналарига зид равишда” қора кийим кийиб юрган тожик аёллари пайдо бўлганидан ташвиш билдирган эди.

Бундан аввал ҳам Тожикистонда "тожикча анъаналар ва қадриятларни "тарғиб қилишга қаратилган қонунлар қабул қилинган.

Жумладан, қонунларда исломий экстремизм ва фундаментализм рамзи сифатида кўрилаëтган аëлларнинг узун қора кийим ва ҳижоблари тақиқланган эди.

2017 йилда эса Диний қўмита азада қора кийишни ҳам тақиқлаб¸ тожикистонликларга мотам маросимларида ота-боболаридан қолган кўк чопон кийишни тавсия қилди.

Охирги 5 йил давомида Тожикистон ҳукумати диний экстремизмга қарши курашиш важи билан барча турдаги диний фаолиятни ӯз назорати остига олди: жоме масжидлар имомларини тайинлашдан бошлаб, аёллар либоси, эркаклар соқоли, масжид ва ҳажга борувчилар ёши устидан назоратни кучайтирди.