Қирғиз-тожик чегарасидаги воқеаларни, шунингдек Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидаги норозиликни ёритиш Тожикистон миллий манаатлари ва қадриятларига зид. Бу баёнот Тожикистон Телевидение ва радиоэшиттиришлар қўмитаси раиси Нуриддин Саид тилидан 8 февраль куни Душанбеда ўтказилган матбуот анжумани чоғида янграган.
Нуриддин Саид бу гапни журналистларнинг Тожикистон телевидениеси Қирғизистон билан чегарада юз берган сўнгги воқеалар ва Хоруғдаги норозилик акцияларини нега ёритмаганига оид саволларига жавобан айтган.
“Бизнинг қўмита давлат ахборот сиёсатини юритади. Биз давлатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва барқарорлигига қарши ҳар қандай ахборотни эълон қилишдан бош тортиб келганмиз ва бундан кейин ҳам шунда қиламиз. Озодлик радиоси бошқа гап, уларнинг стандартлари бўлак”, деган у.
Мулозим Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидан бўлган жамоатчилик фаолларининг эфир бериш тўғрисидаги илтимоси рад этилгани сабабини ҳам қўмитанинг ахборот сиёсати билан изоҳлаган.
Тожик журналистлари қирғиз-тожик чегара можаролари чоғида расмий ахборот танқислигидан шикоят қилишади. “Ўтган йилги можарода ҳам, яқинда бўлган тўқнашув чоғида ҳам биз ахборот урушида ютқаздик. Воқеаларни икки-учта мустақил ва хорижий ОАВларгина ёритди, холос”, деган “Азия-Плюс” ахборот агентлиги мухбири Мазҳаб Жума.
“Янги репортёр” сайти медиатанқидчиси Манижа Қурбонова Тожикистоннинг ахборот урушидаги мағлубиятида айнан Нуриддин Саид каби мулозимларни айблаган.
“Давлат ОАВларида расмий маълумот олиш имкони бор, аммо улар ҳукуматнинг оғзини пойлашади. Мустақил ва хусусий оммавий ахборот воситалари “қайноқ” мавзуларни бажонидил ёритишадию лекин аксарияти расмий тузилмаларда ўз манбасига эга эмас. Кўп ҳолларда улар ўз хабар ва мақолаларини деб давлат идоралари босимига йўлиқишади. Худди шу сабабга кўра Тожикистонда давлат цензурасидан ташқари ўз-ўзини цензура қилиш ҳам кучаймоқда”, деган Манижа Қурбонова.