Тожикистон ТИВ Россия элчисига норозилик нотасини топширди

Россиянинг Душанбедаги элчиси Семён Григорьев (Фейсбукдан олинган сурат)

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги “Тожикистон фуқароларига Россия ҳудудида ўта салбий муомала қилинаётгани ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар жойда бузилаётгани муносабати билан жиддий ташвиш” билдирган ҳолда, 29 апрель куни Россиянинг Душанбедаги элчиси Семён Григорьевга норозилик нотасини топширган. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати хабар қилди.

Норозилик нотасига Россия томонидан ҳали жавоб бўлганича йўқ, бироқ уч кун муқаддам Россия ТИВ расмийси Мария Захарова РФ давлат чегара масканларида хорижлик фуқароларнинг паспорт назоратидан ўтишда кўпроқ тутиб қолинаётгани, хусусан Россия-Қозоғистон чегарасидан ўтишда юзага келган қийинчиликлар “Крокус Сити Холл”даги терактдан кейин террор хавфи сақланиб қолаётгани туфайли хавфсизлик чоралари кучайтирилгани билан боғлиқлигини айтган.

Захарова ўз баёнотида “бу каби қадамлар вақтинча” экани, “мамлакатга кириб келаётганларнинг миллий мансубиятига қаралмасдан амалга оширилаётган”ини урғулаган.

Бугунги кунда юзлаб тожикистонлик Россия-Қозоғистон чегараси ва Москва аэропортларида қолиб кетмоқда.

“Бу каби чоралар фақат Тожикистон фуқароларига нисбатан қўлланилмоқда, бу эса Тожикистон-Россия муносабатлари руҳи ва анъаналарига мутлақо тўғри келмайди”, дея қайд этилган Тожикистон ТИВ нотасида.

Тожикистон ва Россия стратегик ҳамкор мамлакатлар бўлиб ҳисобланади. Қатор минтақавий ташкилотлар аъзоси бўлган Тожикистон кўп ҳолларда Кремль хатти-ҳаракатларини қўллаб келади. Бундан ташқари, мамлакат ҳудудида Россиянинг хорижий ўлкалардаги энг йирик ҳарбий базаларидан бири жойлашган.

Бир неча кун аввал, аниқроғи 26 апрель куни Тожикистон ТИВ биносида Россия элчиси Семён Григорьев билан учрашув ўтказилиб, унда жумладан сўнгги бир неча ҳафтадан буён Россия Федерацияси давлат чегарасидан ўтишда Тожикистон фуқаролари дуч келаётган қийинчиликлар муҳокама қилинган эди. Ўшанда Душанбе вакиллари тожикистонликларга Россия ҳудудига киришда асоссиз равишда ёппасига рад жавоби берилаётгани юзасидан ташвиш билдирганлар.

Бу учрашувнинг эртасига, яъни 27 апрель куни Тожикистон ТИВнинг фуқароларга Россияга сафар қилишдан тийилиб туриш тавсия этилган баёноти ёйинланган.

Озодлик аввалроқ юзлаб тожикистонлик Москвадаги Внуково аэропортида тутиб турилгани ва Россия ҳудудига киргизилмаётгани ҳақида хабар қилган эди. Бу чора қандай асосда амалга оширилаётгани ҳақида йўловчиларга ҳеч ким изоҳ берган эмас.

Бундан ташқари, 22 апрелдан буён Тожикистон рақамлари тақилган ўнлаб автомобиль Россия-Қозоғистон чегарасининг “Сагарчин” назорат масканидаги нейтрал ҳудудда қолиб кетгани ҳақида маълумотлар бор. Автомашина ҳайдовчилари томонидан Озодликнинг тожик хизматига йўлланган видеода бу ерда Тожикистон рақамли 180 тача автомобиль Россия ҳудудига кириш учун рухсат кутиб тургани айтилган.

Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” концерт залига ўтган ойда уюштирилган ҳужум ортидан Россия давлат тузилмаларининг Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган мигрантларга босими кескин кучайиб кетган. Терактда айбланаётганларнинг кўпчилигини Тожикистон фуқаролари ташкил қилади.

Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Россияда ксенофобик кайфият ва тожик мигрантлари ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари ошиб бораётганидан хавотир изҳор қилган. HRWнинг аниқлашича, терактдан кейин ўтган бир ҳафта ичида миграцион қонунчиликни бузганлик важи билан мигрантларга қарши очилган ишлар сони 70 фоизга ошган.