“Тожикистон нодир металлари” ва “Казатомпром” ширкатлари уран ва нодир металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган англашув меморандумини имзолашди. Ҳужжат 22 август куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Тожикистонга расмий ташрифи чоғида имзоланган, дея маълум қилган “Казатомпром” ширкати матбуот хизмати.
Озодликнинг тожик хизмати маълумотига кўра, меморандумда икки мамлакатнинг тоғ-кон соҳасида стратегик ҳамкорлиги кўзда тутилган. Ширкатлар “уран ва бошқа нодир металлар разведкаси, қазиб олиниши ва қайта ишланиши, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларининг олиб борилиши, инновацион технологияларнинг татбиқ этилиши ҳамда кадрлар тайёрланишини ўз ичига олувчи ташаббусларни амалга ошириш устида биргаликда ишлаш”ни режалашмоқда.
“Гарчи ҳозирда конкрет натижалар ҳақида гапиришга ҳали эрта бўлса-да, биз Қозоғистонга ҳам, Тожикистонга ҳам сезиларли фойда келтириши мумкин бўлган уран ва нодир металлар соҳасидаги истиқболли қўшма лойиҳаларга эътибор қаратганмиз”, дея билдирган маҳаллий нашрларга “Казатомпром” раёсати раиси Меиржан Юсупов.
Қайд этилишича, яқин орада “Тожикистон нодир металлари” ширкати вакиллари “Казатомпром”нинг ишлаб чиқариш қуввати билан танишиш ҳамда келажакдаги ҳамкорлик салоҳиятини янада батафсилроқ баҳолаш учун жавоб ташрифи билан Қозоғистонга сафар қилишади.