Тожикистонда автобиографик асар ёзган тадбиркор 6,5 йилга қамалди

Абдухалил Холиқзода

Тожикистон Олий суди “Ҳаётим воқеалари” (“Ҳаводиси рўзгори ман”) автобиографик асари муаллифи Абдухалил Холиқзода, китоб муҳаррири ва китоб чоп этилган босмахона директорини озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган. Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, бу одамлар адоват қўзғатганликда айбланган. Китоб юқори мартабали амалдорлар томонидан танқид қилинган, тираж эса мусодара этилган.

Холиқзода мазкур китобни ўтган йилнинг март ойида чоп эттирган. Китобда тадбиркор замонавий Тожикистон тарихида рўй берган кўплаб воқеаларни изоҳлаган, маҳаллий маданият ва санъат ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирган.

Расмийлар китобда Тожикистоннинг турли ҳудудлари вакилларини ҳақоратлаш, куч ишлатар тузилмалар ходимларини қоралаш ва ижтимоий адоват уйғотиш унсурларини кўришган. Муаллиф “миллат хоини” ва “ички душман” деб аталган. Расмийлар муаллифнинг, хусусан, мамлакатнинг барча жойида коррупция ва маҳаллийчилик кенг қулоч ёйганига оид мулоҳазаларига эътироз билдиришган.

Айни пайтда хориждаги айрим мухолифатчилар тадбиркор А. Холиқзода ва ёзувчи А. Рустамнинг қамалишини Тожикистонда сўз эркинлиги бўғилишининг ёрқин намунаси эканини айтиб, мамлакат расмийларининг хатти-ҳаракатларини танқид қилишган.

Суд мажлислари тергов изоляторида бўлиб ўтган, шу сабабли маҳкама жараёни феълан омма учун ёпиқ тарзда ўтказилган.

Озодлик манбаларига кўра, суд Абдухалил Холиқзодани 6,5 йилга, китобга муҳаррирлик қилган ёзувчи ва адабий танқидчи Абдуқодир Рустамни 4,5 йилга, ношир Суҳроб Ражабзодани бир йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Расмийлар суд ҳукми юзасидан изоҳ берганларича йўқ.

Озодликнинг тожик хизмати Холиқзодани ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Саймўмин Ятимовнинг дўсти ўлароқ кўрилишини қайд этган. Қатор манбалар мазкур иш куч ишлатар тузилмаларнинг ҳокимият учун кураши доирасида юзага келганини тахмин қилишмоқда.