Душанбе шаҳар суди Тожикистон расмийларини танқид қилиб келган фаол Рамзи Вазирбековни 13 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати хабар қилди.
Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидан бўлган Вазирбеков шу йил июлида Москвада йўқолиб қолган ва Душанбеда пайдо бўлган. Ўшанда у “Хоруғдаги воқеалар юзасидан терговчиларнинг саволларига жавоб бериш учун ватанга ихтиёрий равишда” қайтганини билдирган.
Рамзи Вазирбековнинг яқинлари Озодликка суд ҳукми 5 ноябрь куни чиқарилганини айтишган. Душанбедаги мухбирлар шаҳар судидан бу борада изоҳ олишга муваффақ бўлолмаганлар – Вазирбеков тўғрисидаги саволни этишган суд вакиллари телефонларини ўчириб қўйишган.
Фаолнинг яқинларидан бири Озодликка суд Вазирбековни жиноий ташкилот фаолиятида иштирок этганлик ҳамда ОАВ ва интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда Тожикистонда конституциявий тузумни куч билан ўзгартиришга чақирганликда айбдор деб топганини айтган.
“Бизга Рамзи сўнгги сўзида ўзига қўйилган айбловларнинг барчасини рад этгани маълум, холос. Бошқа ҳеч нарса билмаймиз”, деган у.
Рамзи Вазирбеков сўнгги йилларда Москвада истиқомат қилиб, ижтимоий тармоқлар орқали Тожикистон ҳукумати хатти-ҳаракатларини танқид қилиб келган. У ва яна бир фаол - Ўроз Вазирбеков 29 июль куни Екатеринбургдан Москвага учиб келганидан кейин Домодедово аэропортида йўқолиб қолган. Эртасига улар сирли равишда Тожикистонда пайдо бўлиб қолишган. Икковлоннинг яқинлари Вазирбековлар Тожикистонга қайтишни режаламаганлари, уларнинг “ватанга ўз ихтиёрларига кўра қайтиши” эса Тожикистон куч ишлатар тузилмалари ходимлари томонидан уюштирилганини иддао қилишган.
Ўтган ҳафтада Душанбе суди Ўроз Вазирбековни 16 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарган эди.