Тожикистонда ҳижоб тақиқига оид қонун лойиҳаси қабул қилинди

Тожикистон парламенти юқори палатасининг мажлиси, 2024 йил 19 июни

Тожикистон парламентининг юқори палатаси (Мажлиси Миллий) 19 июнь куни “миллий маданиятга ёт бўлган кийим-бош”ни ҳамда ҳайит кунлари болаларнинг “идгардак” айтишини тақиқловчи қонун лойиҳасини маъқуллади.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, лойиҳанинг юқори палатадаги муҳокамасига мустақил журналистлар киритилмаган, шунинг учун ҳам қабул қилинган тузатишларга оид тафсилотлар маълум эмас.

Мажлиси Миллий матбуот котиби Навруз Қурбонзода 19 июнь куни Озодликнинг тожик хизматига “Барча қонунлар белгиланган тартибга мувофиқ равишда қабул қилинган”ини билдирган.

“Анъана ва урф-одатларни тартибга солиш тўғрисидаги” қонун лойиҳаси мамлакат парламентининг қуйи палатаси (Мажлиси Намояндагон) томонидан шу йил 8 майида қабул қилинган эди. Ўшанда мамлакат хорижида яшайдиган айрим тожикистонликлар ва руҳонийлар “идгардак” ва “ёт” кийим-бошга оид тузатишларни танқид қилишиб, уни қайта кўриб чиқишга чақиришган.

Қонунчиликка “миллий маданиятга ёт бўлган” кийим-бошни тақиқлаш бўйича тузатишлар парламентга Тожикистон президентининг жорий йил март ойидаги руҳонийлар билан учрашувидан кейин киритилганди.

Кийинишда ёт маданиятга тақлид қилиш, яъни сатр ва ҳижоб деб номланган ёт кийим-бошни кийиб юриш жамиятимиз учун яна бир долзарб муаммо бўлиб ҳисобланади”, деган Эмомали Раҳмон миллий либослардан бегоналашиш миллатнинг миллий ва маданий ўзлигига путур етказишини урғулаган эди.

Бунинг ортидан Мусулмон уламолари иттифоқи Тожикистонда ҳижобни тақиқлашга оид қонун лойиҳасини қоралаб чиққан, Афғонистондаги экстремистик кайфиятда бўлган айрим руҳонийлар эса ҳатто “жиҳод” эълон қилган.

Қонун лойиҳасининг қуйи палатада қабул қилиниши ижтимоий тармоқларнинг тожик сегментида қизғин баҳсларга сабаб бўлган. Бу борада мамлакат ичида айрим диний арбоблар, мулозимлар, ОТМ ўқитувчилари ва блогерлар ҳам ўз мулоҳазаларини билдирганлар.

Мазкур қонун лойиҳаси президент томонидан имзоланиб, расмий матбуотда эълон қилинганидан кейин кучга киради.