Тожикистонда кўчки оқибатида 17 киши нобуд бўлди

Ўзбекистонга қўшни бўлган Тожикистонда қор кўчкиси тушиши натижасида 17 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати хабар қилди.

Мамлакат Фавқулодда ҳолатлар қўмитаси маълумотига кўра, қурбонларнинг аксарияти (16 киши) Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида (ТБМВ) берилган. Яна бир киши Душанбе-Варзоб йўлида вафот этган.

Расмийларга кўра, ўтган сутка мобайнида Тожикистон бўйлаб 69 та кўчки қайд этилган, улардан 44 таси ТБМВга қарашли Дарвоз, Ванж, Рўшон, Роштқалъа, Шуғнон ва Ишкошим туманларига тўғри келган.

17 февраль куни ФҲҚ матбуот хизмати Душанбе-Дарвоз-Хоруғ, Рўшон-Хоруғ, Хоруғ-Ишкошим ва Хоруғ-Мурғоб автойўлларининг турли жойлари автотранспорт ҳаракати учун ёпилганини эълон қилган.

Қутқарувчилар кўчки хавфи 19 февралгача сақланиб қолишини айтмоқдалар.

Ҳодиса ортидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тожикистонлик ҳамкасби Эмомали Раҳмонга қўнғироқ қилиб, ҳамдардлик тилакларини етказган. Шунингдек, Тожикистон президентига Тоғли Бадахшондаги фожиа муносабати билан Россия, Қирғизистон ва Беларусь раҳбарлари ҳамдардлик билдиргани айтилмоқда. АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси ҳам ТБМВдаги табиий офат чоғида одамлар қурбон бўлгани муносабати билан таассуф изҳор қилган.