Тожикистонда коррупциядан шикоят қилган 74 ёшли адвокат қамалди

Тожикистонлик адвокат Файзи Олий (Файзали Юлдошев)

Душанбедаги Сино тумани суди ёлғон маълумот етказганликда айбланган 74 ёшли адвокат Файзи Олийни (Файзали Юлдошев) 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, суд ҳукми 29 ноябрь куни чиқарилган, бироқ бу ҳақда 2 декабрга келиб маълум бўлган.

Давлат қораловчиси адвокатга олти йиллик қамоқ жазоси сўраган. Судья судланувчининг ёшини эътиборга олиб, кичикроқ муддат берган. Файзи Олий ҳукм ўқилиши билан суд залидан тўғри ҳибсхонага олиб кетилган.

Адвокатга нисбатан жиноят иши унинг ўз мижози номидан прокуратура ходимлари билан боғлиқ коррупцияга оид ҳолатлар юзасидан бош прокурор, Коррупцияга қарши кураш агентлиги, Тожикистон Хавфсизлик кенгаши ва президент ижроия аппаратига шикоят қилгани ортидан қўзғатилган.

Мазкур шикоятда адвокат ўз ҳимояси остидаги шахс номидан Душанбе прокуратурасининг бир неча ходими ўз мижозларига нисбатан таъмагирлик қилганини баён қилган. Бунга жавобан куч ишлатар тузилмалар ходимлари унинг мижозларига босим ўтказиб, улардан прокуратура ходимларига қарши айбловлар ва адвокатнинг хизматларидан воз кечишни талаб қила бошлашган.

Прокуратура адвокатни ўз ходимларига қарши ёлғон маълумот берганликда айблаб, унинг ишини судга оширган.