Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилмоқда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18-19 апрель кунлари расмий ташриф билан Тожикистонда бўлади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг расмий ташрифи арафасида Тожикистонда ўзбек маданияти кунлари бошланган.

Давлатга қарашли “Ховар” ахборот агентлиги хабарига кўра, 15 апрелдан 20 апрелгача мамлакатда Ўзбекистон киноси кунлари, зиёлилар учрашуви, Юнус Ражабий номидаги Ўзбекистон “Мақом” миллий маркази концерти ҳамда “Кўҳи Борбад” саройида икки давлат санъат арбобларининг маданий дастури бўлиб ўтади.

“Азия-Плюс” агентлигининг Тожикистон ТИВдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, Ўзбекистон президенти Тожикистонда расмий ташриф билан 18-19 апрель кунлари бўлади. ТИВ вакиллари Ўзбекистон президентининг Душанбега ташрифи чоғида икки томонлама ҳамкорлик ва икки мамлакат ўртасидаги дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилиниши кутилаётганини билдирганлар. Ташриф кун тартибига оид бошқа тафсилотлар очиқланган эмас.

Айни пайтда Мирзиёев сафар пайтида Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси янги биносининг очилиш маросимида иштирок этиши айтилмоқда.

Ўзбекистон президенти сўнгги бор Тожикистонда ўтган йилнинг сентябрь ойида бўлиб, Марказий Осие давлатлари раҳбарлари саммитида қатнашган эди.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар президент Ислом Каримов ҳукмронлиги йиллари трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш бўйича ихтилофлар сабабли совуб кетган эди. Натижада икки мамлакат ўртасида ҳаво ва автобус қатновлари тўхтаган, темир йўлнинг бир қисми демонтаж қилинган ва виза режими жорий этилган эди.

Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан кейин ўзаро муносабатларда илиқлашув кузатилган. Хусусан, икки давлат президентлари бир неча марта ўзаро ташрифларни амалга оширишиб, стратегик шериклик тўғрисидаги шартномаларни имзолашган, ўзаро визасиз режим жорий этишиб, товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказишга келишиб олишган.