Душанбеда Тожикистон Олий кенгашининг собиқ раиси Акбаршоҳ Искандаров қўлга олинган.
Озодлик тожик хизматининг икки манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишича, Бош прокуратура ходимлари 13 ва 14 июнь кунлари Искандаровни сўроққа чақиришган, кейин эса қўйиб юборишган.
Тожикистон расмийлари собиқ раис қўлга олинганини тасдиқлаган ҳам, рад қилган ҳам эмаслар.
Акбаршоҳ Искандаров 2000-йиллар бошида бир неча йил Тожикистоннинг Қозоғистондаги элчиси бўлиб ишлаган, ундан аввал эса у Тожикистоннинг Туркманистондаги ва Мўғулистондаги элчиси ўлароқ фаолият юритган.
73 ёшли Акбаршоҳ Искандаров ўтган асрнинг 90-йиллари бошидаги қуролли можаролар тўлқинида Тожикистон Олий кенгаши раиси лавозимини эгаллаган, ҳатто 1991-92 йилларда вақтинчалик Тожикистон президенти вазифасини ҳам бажарган. Сўнгги пайтларда у Тожикистон Фанлар академиясининг Фалсафа, сиёсатшунослик ва ҳуқуқ институти ишлаб келаётган эди.
Искандаров қайси асосда қўлга олингани ва нима сабабдан сўроқ қилингани маълум эмас.
“Бош прокуратура терговчилари ўша кунлар ичида элликка яқин кишини сўроқ қилишиб, уйини тарк этмасликка оид тилхат асосида қўйиб юборишган, Акбаршоҳ Искандаровни эса қўйиб юборишмаган”, дея қайд этган “Озоди” манбаси.
Искандаров мухолифатдаги Тожикистон демократик партияси собиқ лидери, депутат Саиджаъфар Усмонзода ҳамда собиқ ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий ортидан қўлга олинган. Бу қўлга олишлар орасида боғлиқлик бор-йўқлиги маълум эмас, дея ёзган “Озоди” радиоси.
14 июнь куни Тожикистон бош прокурори Юсуф Раҳмон Усмонзодани депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилиш тақдимномаси билан парламент депутатларига мурожаат қилган. Мажлисда иштирок этган депутатларнинг ҳаммаси бир овоздан прокуратура илтимосномасини қаноатлантиришиб, Усмонзоданинг ҳибсга олинишига розилик беришган.
Юсуф Раҳмон парламентда Бош прокуратура Усмонзода ва “бошқалар”ни Тожикистонда давлат ҳокимиятини эгаллаб олишга уринганликда айблаётганини билдирган. Усмонзоданинг қариндошлари депутатга туҳмат қилинаётганини айтишган.