Тожикистонда сел ва кўчки оқибатида уч киши нобуд бўлди

Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси фотоси

Тожикистоннинг тоғли ҳудудларида кузатилган шиддатли жала ортидан кўчки тушиши натижасида уч киши нобуд бўлди, кўплаб уйлар, йўллар ва кўприкларга шикаст етди, экинзорлар пайҳон бўлди.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, 5 майга ўтар кечаси Варзоб туманида сел кузатилган. “40 ва 67 ёшли икки аёл ҳалок бўлди”, дейилган Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитасининг 6 май кунги хабарномасида.

Қўмита қайдича, 5 май оқшомида Сўғд вилоятидаги Бодомзор қишлоғидаги яйловда чорва ҳайвонларини боқиб юрган 20 ёшли аёлни сел оқизиб кетган. “Ёш аёлнинг жасади ФВҚнинг Истаравшан бўлими ходимлари томонидан топилган ва тегишли идораларга топширилган”, дейилган хабарномада.

Сўнгги икки кун ичида Тожикистоннинг Сўғд, Хатлон вилоятлари, Тоғли Бадахшон мухтор вилояти ва Душанбе атрофидаги туманларда сел ҳодисаси қайд этилган.

Тожикистон ФВҚ фотоси

Сангвор туманида яшовчи тармоқ фойдаланувчилари томонидан Озодликнинг тожик хизматига йўлланган видеоларда лой уюми одамларнинг уйларини босиб қолганини кўриш мумкин.

ФВҚ маълумотига кўра, Нуробод-Сангвор-Дарвоз-Сари Жар автойўлидаги кўприк вайрон бўлган, шунингдек, йўлларга шикаст етган, одамларнинг томорқалари ва экин майдонлари сув остида қолган.