Тожикистонда собиқ ташқи ишлар вазири қўлга олинди

Ҳамрохон Зарифий

Душанбеда 12 июнь куни Тожикистон собиқ ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий қўлга олинган. Бу маълумотни 18 июнь куни Озодликнинг тожик хизматига бир неча манба тасдиқлаган.

“Озоди” манбаларидан бирига кўра, 16 июнгача Зарифий Тожикистон ИИВнинг Душанбедаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланган, бироқ кейин у қайси ҳибсхонага кўчирилганидан манбанинг хабари йўқ.

Собиқ вазир сўроқдан кейин қўйиб юборилгани ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлган, бироқ бу маълумотни таҳририят манбаларидан биронтаси тасдиқламаган.

Расмий тузилмалар собиқ мулозимнинг қўлга олингани ёки озод қилинганига оид маълумотни тасдиқлаган ҳам, рад қилган ҳам эмас.

74 ёшли Ҳамрохон Зарифий айни пайтда нафақада. “Озоди” манбалари собиқ вазир нима сабабдан қўлга олинганини билмасликларини айтишган. Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба “қўлга олиш ва сўроқ Зарифий вазир бўлиб ишлаган пайтда ТИВ биноси қурилиши чоғида содир этилган иқтисодий жиноят билан боғлиқ” эканини маълум қилган.

Ҳамрохон Зарифий “давлат ҳокимиятини эгаллаб олишга уринганлик” айблови билан ушланган Тожикистон парламенти депутати Саиджаъфар Усмонзода билан бир кунда қўлга олинган.

Тожикистон мухолифати Зарифийнинг қўлга олинишини Усмонзода иши билан боғламоқда. Бу борада расмийлар томонидан бирор изоҳ берилмаган. Озодликнинг тожик хизмати суҳбатдошлари Зарифий Саиджаъфар Усмонзода билан мулоқот қилиб турганини, бироқ унинг қўлга олиниши собиқ депутат иши билан боғлиқ ёки эмаслигини аниқ билмасликларини айтганлар.

14 июнь куни Тожикистон бош прокурори Юсуф Раҳмон Усмонзодани депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилиш тақдимномаси билан парламент депутатларига мурожаат қилган. Мажлисда иштирок этган депутатларнинг ҳаммаси бир овоздан прокуратура илтимосномасини қаноатлантиришиб, Усмонзоданинг ҳибсга олинишига розилик беришган.

Усмонзоданинг қариндошлари “Озоди” радиоси билан суҳбатда депутатга қўйилган ҳокимиятни эгаллаб олишга уринганлик айбловини “туҳмат” деб аташиб, “бундай режа Усмонзоданинг ҳатто хаёлида ҳам ҳеч қачон бўлмаган”ини айтишган.

Меҳнат фаолиятини Кўлоб педагогика институтида ўқитувчиликдан бошлаган Ҳамрохон Зарифий 1974 йилдан бошлаб Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ), 1993 йилдан эса Ташқи ишлар вазирлиги тизимида ишлаган.

Қатор йиллар давомида Тожикистоннинг БМТ тузилмалари ва ЕХҲТдаги доимий вакили, шунингдек, Ғарбдаги қатор мамлакатларда элчи лавозимларини эгаллаган Зарифий 2006 йил декабридан 2013 йил 31 ноябригача ташқи ишлар вазири ўлароқ фаолият юритган эди.