Тожикистон расмийлари мамлакатда яна коронавирус инфекцияси тарқай бошлаганини тасдиқладилар, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.
21 май куни COVID-19 тарқалишини олдини олиш бўйича эпидемиологик чораларни кучайтириш Республика штаби мамлакат касалхоналарида коронавирусга чалиниш бўйича янги ҳолатлар қайд этилганини маълум қилган.
Вирус яна тарқай бошлаганини Республика штаби хориждан қайтганлар томонидан карантин муддатига риоя қилинмагани ва ниқоблар тақилмай қўйгани билан боғлаган.
Тожикистон расмийлари йил бошидан бери мамлакатда COVID-19 га чалиниш ҳолатлари бўлмаётганини билдириб келганлар. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, пандемия бошидан бери Тожикистонда 13 минг 308 нафар киши коронавирус юқтириб олган, хасталик важидан 90 нафар бемор қурбон бўлган. Бироқ мустақил манбалар хасталикка чалинган ва у туфайли қурбон бўлганлар сони расмий статистикада кўрсатилганидан анча юқори эканини иддао қилмоқдалар.
12 июнь куни Озодликнинг тожик хизмати маҳаллий врачлар, хусусий лабораториялар ходимлари ва беморларнинг яқинлари сўзларига таянган ҳолда мамлакатда яна коронавирусга чалиниш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида хабар қилган. Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу маълумот асоссизлигини айтиб, мамлакатда хасталаниш билан боғлиқ янги ҳолатлар кузатилаётганини рад этганди.