Ўтган асрнинг 80-90-йилларида ўзбек эстрадасида ўзига хос ўринга эга бўлган хонанда Абдурауф Олимов 11 август куни 63 ёшида вафот этди. Бу маълумотни Озодликка ҳофизнинг тожикистонлик мухлислари тасдиқлашди.
Абдурауф Олимов 1957 йилнинг 16 ноябрида Тожикистоннинг ҳозирги Сўғд вилояти Жаббор Расулов туманидаги Ғўлакандоз қишлоғида дунёга келган. 1980 йили Хўжанддаги (ўша пайтда Ленинобод) педагогика институтининг Бадиий графика ва рассомлик факультетини тамомлаган А. Олимов дастлаб маҳаллий мактабда, 1982-85 йиллар мобайнида Ўзбекистон Давлат филармониясига, кейин эса Хўжанд театрида фаолият юритган ва шунга параллел равишда қўшиқлар яратиш билан машғул бўлган.
Ҳофизнинг “Бу турфа гуллар…”, “Чаман ичинда бир гул…”, “Ишқингдан ўлдим”, “Бу томонга бир қараб қўй” ва шу каби бошқа ўнлаб қўшиғи мухлислар қалбидан жой олган.
Қарийб 25 йил муқаддам содир бўлган автоҳалокат Абдурауф Олимов ижодида 10 йиллик танаффусга сабаб бўлган. Бироқ хонанда кейинги йилларда яна саҳнага қайтиб, мухлислари кўнглини олишга интилаётган эди.
Бундан олти йил аввал Озодлик билан суҳбатлашган ҳофиз сўнгги пайтларда нималар билан шуғулланаётгани ҳамда ўзининг ташриф қоғозига айланмиш “Чаман ичинда бир гул…” деб бошланадиган қўшиғи тарихи хусусида сўзлаб берган эди.
Озодлик марҳум санъаткор Абдурауф Олимовнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.