Тожикистоннинг мухолифатдаги “24 гуруҳи” фаоллари 11 март куни ташкилот раҳбари Суҳроб Зафар йўқолиб қолгани ҳақида баёнот тарқатишди. Фаолларга кўра, Суҳроб Зафар Туркияда бўлган ва 10 март тонгидан буён алоқага чиқмаган. Унинг қаерда экани маълум эмас ва телефони ўчиқлигича қолмоқда.
Баёнотда Тожикистонда тақиқланган “24 гуруҳи”нинг лидери сўнгги йилларда Туркияда яшар экан, мунтазам равишда таҳдид олиб келгани, унга “яқинда ўлдириласан” ёки “ўғирланиб, Тожикистонга йўлланасан” қабилида матний хабарлар олиб турган.
Бу сўнгги ойда Туркияда “24 гуруҳи” аъзосининг йўқолиши билан боғлиқ иккинчи ҳолатдир. Февраль ойида ташкилот вакиллари Истанбулда бўлган 39 ёшли Насимжон Шарифов йўқолиб қолганини билдиришган. Унинг қаерда экани ўшандан бери маълум эмас.
Суҳроб Зафар Тожикистондан Туркияга 2014 йилда кўчиб ўтиб, ўшандан бери шу мамлакатда яшаб келаётган эди. У аввал ҳам кўп марта қўлга олинган, бироқ ҳар сафар қўйиб юборилган. Унинг сафдошлари бу сафар унинг ўғирлаб кетилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.
Эмомали Раҳмон ҳукуматига мухолифатда бўлган “24 гуруҳи” тожикистонлик тадбиркор Умарали Қуватов томонидан тузилган эди. Қуватов 2015 йили Истанбулда ўлдириб кетилган, у тузган ташкилот эса 2014 йили Тожикистон Олий суди қарори билан “экстремистик” деб топилган. Бу ташкилотга аъзо бўлганлик учун Тожикистонда ўнлаб одам қамалган.
Туркия сўнгги йилларда расмий Душанбе танқидчилари паноҳ топган мамлакатга айланган эди, бироқ эндиликда бу мамлакат ҳам улар учун хавфсиз бўлмай қолган. Анқара Душанбенинг сиёсий жиҳатдан ҳам, иқтисодий жиҳатдан ҳам муҳим ҳамкори бўлиб ҳисобланади. Душанбе Туркия ҳукуматининг асосий мухолифи бўлмиш Фетҳуллаҳ Гулен мактаблари тармоғини ёпишга кўмаклашган, бундан ташқари, Гулен ташкилоти вакилларидан камида икки нафари Туркия илтимосига кўра Тожикистондан экстрадиция қилинган.
Ҳуқуқ фаоллари Тожикистон расмийлари ўз мухолифларига қарши мамлакат ичида ва хорижда қўллаётган трансмиллий қатағонлар кўлами кенгайиб бораётганидан хавотир билдирмоқдалар. Аввалроқ Озодлик Германия расмийлари мухолифатчи Билол Қурбоналиевни Тожикистонга экстрадиция қилгани ҳақида хабар берган эди.