Тожикистонда 15 февралда юз берган қор кўчкилари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 16 кишига етди. Аввалроқ табиий офатдан 10 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди.
Тожикистон ҳукуматининг расман билдиришича, Тоғли Бадахшон мухтор вилояти маркази Хоруғ шаҳрида қор остидан 13 кишининг жасади топилган. Улар орасида болалар ҳам бор. Хоруғда қор кўчкисидан 39 уй тўлиқ ва қисман вайрон бўлган.
Бундан ташқари Душанбе-Хўжанд йўлида ҳам қор кўчган. Йўлнинг 65,8 километрида тўрт автомашина кўчки остида қолган. Қутқарувчилар ёрдамида улар қор остидан чиқариб олинди. Ҳайдовчилардан бир нафари қурбон бўлди.
Ванж туманидаги қор кўчкисида яна икки киши ҳалок бўлди. Ишкашим туманида эса икки киши бедарак кетди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 февраль куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди ва қор кўчиши оқибатида одамлар ҳалок бўлгани муносабати билан тожик халқига чуқур ҳамдардлик билдирди.