Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 2 январда Egemen Qazaqstan нашрига берган интервьюсида ўзининг иккинчи муддат президентликка сайланишига имконият яратилиши учун мамлакат Конституцияси ўзгартирилиши ҳақида пайдо бўлган таҳминларни рад этди.
Тоқаев интервьюсида 2026 йилда ўтадиган президентлик сайловида иштирок этмаслигини таъкидлади. Унга кўра, Қозоғистон президентлигига бир марта сайланиш мумкинлиги қайд этилган қонун моддаси «бундан кейин ҳеч қачон ўзгартирилмайди».
Интервьюда қонли Январь воқеалари ҳам эсга олинган. Тоқаевнинг фикрича, бир неча юз киши ҳалок бўлган бу фожиага «ҳал этилмаган ижтимоий-иқтисодий муаммолар ва умумий ривожланишнинг мавжуд эмаслиги” сабаб бўлган.
Президент нуқтаи назарича, Январь воқеалари пайтида кучишлатар тузилмалар ва жиноий гуруҳларга таъсир ўтказиш кучига эга бўлган “олий даражадаги шахслар” ҳокимиятни куч билан босиб олиш учун ҳаракат қилган.
“Ҳокимиятни эгаллаш учун экстремистлар, криминал ва диний радикаллар биргаликда ҳаракат қилган”, - деди Тоқаев.
Қозоғистонда 2022 йилнинг январида суюлтирилган газ нархининг қимматлашига норозилик сифатида бошланган митинглар тартибсизликларга айланиб кетган эди. Дастлаб иқтисодий муаммоларни кўтариб чиққан норозилар сиёсий талабларни ҳам қўя бошлаган.
Намойишларни бостириш чоғида, расмий маълумотларга қараганда, 238 киши ҳалок бўлган. Ҳуқуқ фаоллари эса бу воқеа пайтида камида минг киши ўлган, деб ҳисоблайди.