Япония полицияси Олимпия ўйинларининг очилиш ва ёпилиш маросимлари бўлиб ўтадиган Токиодаги миллий стадион ҳудудида бир аёлни зўрлаганликда гумонлаган 30 ёшли ўзбекистонликни ҳибсга олган. Бу ҳақда ТАСС агентлиги 18 июль куни хабар қилди.
Kyodo агентлиги зўрланган аёлнинг Олимпия ўйинларини ўтказишга алоқадор шахс экани, айни пайтда қўлга олинган ўзбекистонлик стадиондаги ОАВ вакилларини егулик билан таъминлашни бўйнига олган фирма томонидан ёлланмиш талаба эканини қайд этган.
Токиодаги Олимпиада ўтган йил ёзида бўлиб ўтиши керак эди, бироқ пандемия туфайли мазкур спорт тадбири 2021 йилга кўчирилган ва эндиликда унинг 23 июлдан 8 августгача бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Ташкилотчилар Олимпия ўйинларини хорижий ишқибозларсиз ўтказишга қарор қилишган, Япониядаги олти префектурада эса ўйинларга ҳатто маҳаллий томошабинлар ҳам қўйилмайди.