Толиблар аёлларга, жумладан миллий терма жамоалар аъзоларига Афғонистонда спорт билан шуғулланишни тақиқлади. Бу ҳақда 8 сентябрь куни Толибоннинг маданият ишлари бўйича комиссияси раиси ўринбосари Аҳмадулла Восиқ SBS News нашри билан суҳбатда маълум қилган.
У ўз нуқтаи назарини крикет ўйини мисолида тушунтирган. Восиқнинг айтишича, аёлларга спортнинг ушбу тури билан шуғуллананишига изн берилган тақдирда уларнинг юзи ва танаси томошабинлар учун очиқ қолган бўлур эди. “Ислом ва Ислом Амирлиги бунга йўл қўймайди”, деган SBS News суҳбатдоши.
Унга кўра, толиблар аёлларнинг зарурат бўлганда кўчада сайр қилишига рози, аммо спорт, унинг фикрича, аёлларга зарур эмас.
Август ойида Восиқ крикет бўйича эркаклар терма жамоасининг жорий йил охирида Австралияда ўтказиладиган саралаш матчига боришига рухсат берганди. Бироқ Толибоннинг аёлларга оид мазкур баёнотидан сўнг тадбирга ҳатто афғон эркаклар терма жамоаси ҳам қўйилмаслиги мумкин. Халқаро крикет кенгаши халқаро мусобақаларда иштирок этмоқчи бўлган мамлакат эркаклар қаторида, аёллардан ҳам терма жамоа тузиши шарт, деб ҳисоблайди.
Афғонистон Австралияда ўтказилажак мусобақадан четлатилиши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан Восиқ ҳар қандай ҳолатда ҳам Толибон бу масалада муросага бормаслигини айтган.